Атамбаев Буюк Британияни Максим Бакиевни хаспўшлаганликда айблади

665

DOS_6157

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳокимиятдан қувилган президент ўғли Максим Бакиевни беришдан бош тортган Буюк Британияни танқид остига олди. Кичик Бакиевга нисбатан Қирғизистонда қатор жиноят ишлари очилган.

«Гардиан»  газетасининг ёзишича, Атамбаев Буюк Бриятанияга танқидларни ёғдирган — у Европа давлатини Қирғизистондан миллионлаб долларни ўмарган шахсни беркитаётганликда айблаган.

«Ахир Буюк Британия Муаммар Қаззофий ёки Башар Асаднинг болаларига бошпана бердими? Нега энди Қирғизистонга нисабатан бундай ўзгача муносабат бўляпти? Британия ҳукумати Қирғизистондаги демократик ислоҳотларга кўмак кўрсатишини билдиряпти. Бироқ бу ёлғон. Сиз бизни ўмарган кимсага бошпана бердингиз. Биз ўғирланган пулларга холис сайловлар ўтказишимиз мумкин эди», — дея Атамбаев сўзларидан иқтибос келтиради газета.

Президент шунингдек Британия ҳукуматининг ҳаракатларини тушунмаслигини билдирган.

«Мен 20 йил мухолифатда бўлдим ва доим демократия учун курашиб келдим. Бироқ демократия ҳақидаги баландпарвоз сўзлар ортида жирканч ёлғон яширинганини ҳаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Британия демократиянинг асосчиларидан бири ва биз бу давлат ҳукуматининг Қирғизистонга нисбатан қилаётган ҳаракатларини тушунмаяпмиз.  Мен сиёсатчиларнинг бунчалар сурбет ва порахўр бўлишини кутмаган эдим», — деган Атамбаев.

«Гардиан»нинг ўзи Максим Бакиев билан боғлана олмаганини ёзган.

Буюк Британиянинг Қирғизистондаги элчихонаси Kloop.kg билан суҳбатда бугун Атамбаев сўзларини изоҳловчи мутахассиснинг йўқлигини айтиб, эртага қўнғироқ қилишни илтимос қилди.

Собиқ мулозим

Максим Бакиев отасининг президентлик даврида Ривожлантириш, инвестиция ва инновация марказий агентлиги бошчиси бўлиб тайинланганди.

2010 йилги ҳокимият алмашувидан сўнг унга қарши жиноий иш очилган ва Биринчи май район суди Максим Бакиевни 3 йилгача маълум лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, унинг мол-мулкини мусодара этишга ҳукм қилди.

Максим Бакиев маҳкама тарафидан «Северэлектро» электр ширкатини сотиб давлатга 133 млн АҚШ доллари миқдорида мулкий зарар етказганликда ҳам айбдор деб топилганди.

Бош прокуратурага кўра, кичик Бакиевнинг қилган жиноятлари ичида Иссиқкўл областидаги ерларни ноқонуний равишда сотганлик ҳам бўлган.

«Отасининг мавқеидан фойдаланиб, Максим Бакиев Давлат мулки қўмитасининг Иссиқкўл худудий бошқармаси бошчисига 9 гектардан ошиқ ерни ўзлаштириб беришга буйруқ берган» , — деб ёзилганди Бош прокуратура сайтида.

Прокуратуранинг ўшанда тарқатган баёнотга кўра, ушбу ўзлаштириш оқибатида давлатга 123 минг сомдан ошиқ зарар келтирилган.

Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Буюк Британиядан Максим Бакиевни Қирғизистонга юборишни талаб қилганди.

Бош прокуратура Максим Бакиевга қарши жиноий ишни 2010 йилги инқилобдан сўнг қўзғаганди.

2010 йилнинг май ойида у Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган — 2010 йилнинг 14 июнида у ижарага олинган шахсий самолётда Буюк Британиянинг «Фарнборо» аэропортига қўнган ва маҳаллий полиция тарафидан қўлга олинган эди.

Кейинроқ у Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраган ва сўрови қаралгунча унга вақтинчалик мазкур давлат худудида яшаб туриш ҳуқуқини сўраган эди.