Хитой компаниясига Қирғизистон йўлларида камера ўрнатиш тақиқланди

700

doroga

Ички ишлар министрлиги Бишкек, Ўш ва Бишкек-Қаракўл йўлларига видеокамераларни ўрнатиш бўйича ўтказган тендерда хатолар бўлган — бу ҳақда Бош прокуратура хабар қилди. Идора тендерда ғолиб бўлган Хитой компанияси  билан шартномани бекор қилишни талаб қилимоқда.

Ички ишлар министрлиги ҳамда «Beijing Construction Engineering Group International Co.LTD» компанияси 2012 йилнинг сентябр ойида қиймати 4 миллиард 500 минг сомни ташкил қилувчи шартномани имзолаган.

Шартномага кўра, Хитой ширкати ўз пулларига Бишкек, Ўш ва Бишкек-Қарақўл автойўлларида видеокамералар ўрнатиши лозим эди.

«Beijing Construction Engineering Group International Co.LTD» компанияси ўз ҳаражатларини йўл ҳаракати қоидаларини бузганликдан тушган жарима орқали қоплаши кутилганди.

«Давлат бюджетига тушган жарима пулларни олиш ваколати фақат давлат органларига берилган», — дея бу ғояга қаршилик билдирди Бош прокуратура.

Бундан ташқари, Хитой компанияси шартноманинг бажарилишини таъминловчи 70 миллион сомлик кафолат кўрсатиши керак эди, бироқ буни амалга оширмаган.

Бош прокуратура шартноманинг Қирғизистонга зиён олиб келмаганини билдирди.

Муассаса шунингдек Қирғизистон ҳукуматидан шартномани бекор қилишни ҳамда айбдор мулозимларни жазолашни талаб қилди.

Ички ишлар министрлиги матбуот хизмати ходими Эрнис Осмонбаев видеокамералар ҳозирда ўрнатилгани билан, фойда бермаслигини айтади.

Унга кўра, бу лойиҳани тартибга солувчи қонуний база йўқ.

«Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси ИИМ тарафидан Давлат автоинспекциясидаги коррупцияни бартараф қилиш мақсадида ишлаб чиқилганди.

Бу лойиҳани амалга ошириш учун ғарб мамлакатлари тажрибаси қўлланилиши керак эди — йўлларда видео камералар ўрнатиб, рўйхат ҳамда қоидабузарликлар электрон маркази ишга туширилиши кутилганди.