Ўшлик ҳунармандлар

1702

Гофур

Ота-боболаримиз бизга меърос қилиб қолдирган, ота ҳунари бизнинг ҳаётимизни кўчмас пойдевори. Қадимий Ўш шаҳрининг меъморчилиги, новвойчилиги, дурадгорлиги ва бошқа ҳунарлари Ўрта Осиёда кенг овоз ёйган.

Ота ҳунари азиз.  Ахир айтишадику, "Ҳунар, ҳунардан унар" деб. Узоқни кўзлаган ота-боболаримиз ўзларининг ҳунарларини авлоддан  авлодга хозирги вақтгача меърос қилиб қолдириб келишмоқда.

Бугун бизнинг мақола қаҳрамонлари ўшлик турли ҳунар эгалари. Демак, турли касбдан бир шингил.

17 ёшлик  Иброҳимжон  Нўмонов  қоссоб.  У ёш бўлишига қарамай, ота касбини пухта эгаллаб,  5 йилдан буён қоссобчилик қилиб келади.

"Ўрта билим олганимдан кейин, отам менга ўзининг касбини меърос қолдиришини айтди. Мен рози бўлдим ва отамнинг изидан боришни афзал билиб қоссобчилик билан шуғуллана бошладим.  Чунки мендан олдинги акам ҳам шу ҳунарни  эгаллаб, мана шу орқали ўз рўзғорини тебратмоқда. Бу касб биз учун азиз, чунки отанинг касби улуғ. Касб-ҳунари бор инсон ҳеч қачон ҳаётда йиқилмайди", – дейди ёш  қоссоб Иброхим Нўмонов

Қадим замонлардан буён, чақалоқ туғилганидан кейин унга бешик сотиб олинган. Бешиксозлар эса, уларга атайлаб шинамгина бешикларни ясаб беришган. Ота-бобо касбини эгаллаб, бугунги кунгача инсонларга бор маҳорати, ҳунари билан халққа хизмат қилиб келаётган бешиксозчи  Нурматжон ака Ахмадалиев ўзининг ҳунари тўғрисида шундай дейди:

"Мен бешик ясашни бошлаганимда эндигина 13 ёшда эдим. Мана бугун 53 ёшни қораладим, лекин бешикчиликни ташлаганим йўқ. Чунки бу ҳунар менинг отамнинг отасидан қолган меърос. Мен мана шу касб билан оиламни боқдим, улғайтирдим. Аллоҳга шукр-ки ҳеч бири нолимайди. Бешикчилик ҳунарини мен барча фарзандларимга ўргатдим, чунки улар-ку авлодимиз давомчилари!?",- дейди у.

бешик

Халққа хизмат кўрсатган инсон, эл ичида азиз ва шу каби фахрли сўзлар қадим замонлардан буён касб-камоли, ҳунари бор  кишиларга қарата  айтилиб келинган.  Темирсозлик,тунукасозлик ҳамда бошқа ўзининг қийинчиликларига эга бўлган касбларни эгаллаб, эл юртга хизмат кўрсатиб келаётган инсонлар ҳам йўқ эмас .

"Тунукасозлик ҳунари, менинг бобомдан меърос қолган. Мен 6 синфда ўқиётганимда, ўзимни отамнинг тунукасозлик ишхонасига шогирдликка тушганман. Отам менга бу ҳунарнинг барча сирларини очиб берган ва шунгача мен ўз ишимни устаси бўлиб етишдим. Авлодимизнинг ҳунари яна давом этиши учун мен бу ҳунарни ўзимнинг кичик укам Ойбекжонга ҳам ўргатдим ва у бу касбни эгаллаганлигидан мағрур", -  дейди туникасоз устахонасининг бошчиси Шерзод Раимжонов.

Яна бир ҳунар – темирчилик. Темирчилик касби қийин бўлишига қарамай, Ўшда кенг тарқалган. Бу ҳунар эгаси Саид Махамаджонов 20 йилга яқин ушбу касб орқали оиласини боқади.

"Темирчиликни осон ҳам, қийин ҳам дея оламан . Чунки ҳар бир касбнинг ўзига яраша завқи билан қийинчилиги ҳам бўлади. Темирчилик касбини эгаллаганимга ҳам 18 йилдан ошди. Бу вақт ичида мен ўзимнинг темир хонамни ишга туширдим. Темирчилик касбига қизиққанлар келиб, шогирдликка тушишади. Биз бу ерда темирдан ясаладиган уй анжомларини,  масалан тақа, ўроқ, капгир, тақага қоқиладиган мих  ва бошқа темирдан ясаладиган буюмларга ишлов бериб, уларни ясаймиз. Шу касб орқали мен оиламни боқаман, чунки бунёд этилган темир анжомларни биз албатта сотувга чиқаримиз. Бундан кўп фойда қолмаса-да, лекин рўзғоримизда камчилик йўқ. Чунки бу менинг ота касбим, отам менга меърос қолдирган касб орқали, ҳалол пул топиб, элга фойдам тегиб, оиламни ҳалол боқаябман. Бунинг учун мен отамдан миннатдорман", – дейди, темирчи Саид Махамаджанов.

темирсозлик устахонаси

Бугунги кунда пайвандчилик ҳунармандлар орасида кенг тарқалган. Пайвандчи усталарга талабгорлар жуда кўп. Чунки буларнинг хизматисиз бугунги кунда ё бир уй қуриб бўлмайди, ё машина созлаб бўлмайди.

"Пайвандчилик менинг отамнинг касби . Оилада 7 ўғилмиз ва улардан тўртталовимиз отамиз касбини эгаллаб уларни йўлидан бордик. Хозирги вақтда пайвандчилик қилиб халқимга хизмат қилиб келябман. Бу касбни эгаллаганимга  20 йил бўлди.  Шу вақт давомида мен нима топган бўлсам  ҳам, мана шу пайвандчилик ортидан топдим. Отамнинг касбини эгаллаб, унинг ортидан борганим менинг ютуғим деб ўйлайман", - дейди пайвандчи Ғофур Йигиталиев.

Доно халқимиз,  тиним билмай,   кеча кундуз эл хизматида  бўлган ва эл юрти учун беминнат  мехнат қилаётган касб-ҳунар эгаларига қарата шундай дейди : "Ҳунарли киши ҳор бўлмас". Хақиқатнинг ўзи, шу нақлни тақазо қилади.  Ҳаётнинг тўғри йўлига  тушиб олишда ва авлод қолдиришда касб-ҳунарнинг роли катта, ахир айтишадику "Отанинг ҳунари, боланинг унари" деб.

Муаллиф: Акхад Артиков
Муҳаррир: Ҳулкар Исамова