Рус драма театри собиқ директори СИЗОда бир ойни ўтказади

687

sizo-450x283

Бишкекнинг Биринчи май район суди Рус драма таеатри собиқ бошчиси Борис Воробьевни бир ойга тергов изоляторида қолдирди. Ҳозирда у «соғлиги ёмонлашгани учун» шифохонада.

Бишкекнинг район суди Воробьевни тергов сўнгигача СИЗОда қолишини ҳукм қилди — бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар қилди.

Воробьевга қарши Қирғизистон жиноят кодексининг «хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш», «Мухр, ҳужжат ва штампларни ўғирлаш, йўқ қилиш, бузиш ёки беркитиш» ҳамда «Жиноят йўли билан топилган молларни қонунийлаштириш» бандлари бўйича жиноий иш очилди.

Маҳкама қарорига қарамай, Воробьев ҳозирда «соғлиғи ёмонлашгани учун» касалхонада. У касалхонага 20 июн куни Ички ишлар бош бошқармаси изоляторидан олиб борилган.

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Бақит Сеитов собиқ директорнинг қаери оғриётгани ва у қайси касалхонага олиб борилганини билмаслигини айтди.

Бишкек прокуратураси Воробьевни 19 июн куни қўлга олганди.

Воробьев 2013 йилнинг 2 апрел куни Рус драма театри бошчиси лавозимидан четлатилганди. Маданият министрлиги унинг ишдан бўшатилишига «кўп хатолар» сабаб бўлганини билдирганди.

Собиқ директорнинг ўзи эса у Маданият ва туризм министри муовини Қудайберген Базарбаевга «пора» беришдан бош тортгани учун қамалганини айтиб келади.

Базарбаев собиқ директор сўзларини рад этиб, уни театрни «кўнгилочар марказга» айлантирганликда ва бу ҳаракати учун жавобгарликдан қочиш учун унга бўҳтон қилаётганини билдирганди.