Собиқ министр Сабиров тамоман беш йилга қамалди

429

1A92A8E8-C392-44D9-9BB5-F11E939200B6_mw800_s-12-450x299

Олий суд ижтимоий ривожлантириш собиқ министри Равшан Сабировни беш йиллик кучайтирилган тартибдаги қамоқ жазосига ҳукм қилди. Собиқ мулозим адвокати суд қарорини БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасида шикоят қилмоқчи.

Қирғизистон Олий суди 23 май куни Сабировни бола асраб олиш учун Италия компаниясига лицензия беришга пора талаб қилганликда айбдор деб топганини маҳкама матбуот хизмати хабар қилди.

Жазога ҳукм этилган собиқ мулозим ёқловчиси Икрамидин Аткулов Kloop.kg билан суҳбатда Олий суд қарорини БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида шикоят қилишини билдирди.

«Биз ҳукмни қайта кўриб чиқилишига имкон яратувчи ишнинг янги очилувчи тафсилотларини қидириб борамиз», — дейди Айткулов.

Маҳкама Сабиров ёрдамчиси Тахир Мирзаметовни ҳам жиноятга алоқадорликда айбдор деб топди ва уч йиллик қамоқ билан жазолади.

Ҳар иккала айбланувчи ўз айбига иқрор бўлмади.

Даставвал Бишкекнинг Биринчи май район суди Сабировни оқлаб, унинг собиқ ёрдамчиси Мирзамаметовни олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этганди.

Ўшанда давлат айбловчиси собиқ министрни 15 йилга, унинг ёрдамчисини 14 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраганди.

3 октябр кунги маҳкамада Сабиров ёрдамчиси ўз кўрсатмаларини бошчиси фойдасига ўзгартирганди — у Сабировнинг айбсиз эканини таъкидлай бошлаганди.

Бош прокуратура 2012 йилнинг июл ойида Сабиров ёрдамчиси Тахир Мирзахметов баёнотига таяниб, собиқ мулозимга қарши жиноий иш қўзғаганди.

Махсус хизмат ходимлари Сабировни 5 июл куни қўлга олганди.

Мулозим ўзига қўйилаётган барча айбловларни рад этиб келади.

«Мен айбловнинг бирор биндига ҳам рози эмасман. Мен ҳеч кимдан пора талаб қилмаганман», – деганди Сабиров ўз иши бўйича ўтаётган маҳкамаларнинг бирида.