Хитой компанияси «ноқонуний тарзда» кумуш қазиганликда айбланяпти

488

Ishtamberdy-
Милиция Иштамберди конида «ноқонуний» кумуш қазиганликда айблаб ўша ерда қазилма ишларини олиб борувчи «Фулл Голд Майнинг» корхонасига қарши жиноий иш очди.

Хитойнинг «Фулл Голд Майнинг» корхонасининг Иштамберди конида кумуш қазиш учун лицензияси бўлмаган — бу ҳақда иқтисодий жиноятга қарши кураш давлат хизмати терговчиси Бахадир Абдилдаев хабар қилди.

«Уларда фақат олтин қазиш учун лицензия бўлган, улар бўлса ноқонуний тарзда кумуш ҳам чиқаришган. Бу учун махсус лицензия олиниши керак эди», — деди Kloop.kg билан суҳбатда Абдилдаев.

Унга кўра, ширкат 2012 йили Хитойга ноқонуний тарзда нархи 100 минг доллардан ошувчи 140 кило кумуш олиб чиқиб кетган.

Иқтисодий жиноятга қарши кураш давлат хизмати «Фулл Голд Майнинг» корхонасига қарши жиноий иш очди. Агар ушбу айблов тасдиқланса, корхона раҳбарияти 5 йилгача қамоқ ёки 420 минг сом жарима билан жазоланиши мумкин.

«Фулл Голд Майнинг» компанияси вице президенти Азамат Гулайшев Иштамберди конидаги ноқонуний қазилмалар ҳақидаги айбловларни рад этди.

«Лицензия бир элементни қазиш учун эмас, балки фойдали қазилмаларни чиқариш учун берилади. Барчаси қонун доирасида бўлган», — деди у Kloop.kg билан суҳбатда.

Геология ва минерал манбалар давлат хизмати матбуот котиби Kloop.kgга берган интервюда фойдали қазилмаларни қазиш учун битта лицензия берилишини ва кумуш қазиш учун махсус лицензия талаб қилинмаслигини айтди.

«Ер ости бойликларини қазувчи конни қазиш учун олган лицензиясига мувофиқ, қазилмалардан солиқ тўлаши керак. Улар эса барча солиқлар ва бонусларни олтин учун тўлашган. Кумуш учун эса тўлашмаган», — дейди у.

Бироқ компания вице призиденти бунинг аксини тасдиқламоқда.

«Биз солиқ ва бошқа тўловларни ҳам олтин ва ҳам кумуш учун тўлаймиз, бизда барча нарса қонуний», — дейди у.