Мустақил комиссия Батукаев диагнозини тасдиқлади

589

DB5CD3EA-3D9E-4F9A-A931-8CADA4B9CBEE_mw1024_n_s

Соғлиқни сақлаш министрлиги матбуот хизмати Қозоғистон ва қирғизистонлик экспертлар криминал авторитет Азиз Батукаев қонида саратон касали бўлганини тасдиқлади. Аввалроқ қирғизистонлик гематологлар бу диагнозни рад этганди.

Мустақил экспертиза Қозоғистон соғлиқни сақлаш министрлиги педиатрия ва болалар жарроҳлиги марказида ўтказилган.

Унда шунингдек қирғизистонлик профессор-гематолог Ананий Рачков ҳам иштирок этган.

«Алтернатив ҳайъат бемор А. Батукаев қонида шубҳасиз “оғир лейкоз” касали борлиги тўғрисидаги хулосага келди”», — деб ёзилади министрлик тарқатган матбуот релизида.

Аввалроқ 12 шифокордан ташкил топган Қирғзистон комиссияси авторитет диагнозини нотўғри қўйилганини билдириб чиққанди.

Норин шаҳар суди 9 апрел куни Батукаевнинг қонида лейкоз касаллиги топилгани учун уни қўйиб юборганини ҳақида Олий суд матбуот хизмати 10 апрел куни эрталаб маълумот тарқатганди.

«Махсус тиббий комиссия ва №24 кучайтирилган режимдаги колония шифокорлари жорий йилнинг 28 мартида Азиз Батукаевга “Оғир лейкоз” диагнозини қўйишган», — хабарланганди Олий суд матбуот релизида.

Батукаевни муддатидан аввал бўшатиш ҳақидаги таклиф билан Норин шаҳар судига колония ижрочи бошчиси мурожаат қилгани айтилган, бироқ унинг исм-шарифи матбуот релизида кўрсатилмаганди.

Норин шаҳар суди ўз қарорини чиқаришда Қирғизистон жиноий процессуал кодексининг 363 моддасига таянган — моддада маҳбус оғир касалга чалинса муддатидан аввал озодликка чиқарилиши мумкинлиги айтилади.

Батукаев 2008 йилдан буён Норин шаҳар 24 рақамли кучайтирилган тартибдаги қамоқда сақланилаётган эди.

У Аламедин район суди тарафидан қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 16 йил ва 8 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

Унга қўйилган айбловлар ичида оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ноқонуний равишда қурол сақлаш моддалари ҳам бор эди.