«Блумберг» бизнес порталининг хабар қилишича, АҚШ прокуратураси Масим Бакиевга қарши молиявий фирибгарликда айблаб очган ишни ёпган.
Максим Бакиевга қарши очилган ишнинг бекор қилинишини «Блумберг»га АҚШ прокурори матбуот котиби Роберт Нардоса хабар қилган. У мазкур қарор сабабларини тушунтирмаган.
Кичик Бакиев Британия тарафидан Америка маҳкамасида «қимматбаҳо қоғозлар билан фирибгарлик» айби бўйича жавоб бериш учун экстрадиция қилиниши кутилаётган эди.
Британия қироллиги прокуратураси матбуот котиби Тим МакАтакни «Блумберг» билан суҳбатда Бакиевни топшириш бўйича маҳкама 13 май куни Лондонда ўтиши режалаштирилганини, бироқ энди бунга ҳожат қолмаганини айтган.
Максим Бакиевнинг Лондондаги ёқловчиси Майкл О’Кейн масала юзасидан изоҳ беришни истамади.
Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот котиби Сейитжан Апишев Kloop.kg билан суҳбатда Бакиев иши бўйича ҳозирда маълумотга эга эмаслигини, бироқ 13 май куни кўп нарса ойдинлашишини хабар қилди.
Қирғизистон Максим Бакиевни бошқа сабабларга кўра экстрадиция қилинишига эришишга ҳаракат қилиб келади — кичик Бакиев ўз ватанида отасининг президентлик даврида қатор оғир жиноятларни содир этганликда айбланади.
Аввалроқ у Бишкекнинг Биринчи май район суди тарафидан мол-мулкини мусодара қилиш билан бирга 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Бишкекнинг Биринчи май район суди Ривожлантириш, инвестиция ва инновация марказий агентлиги собиқ бошчиси Максим Бакиевни қуйидаги уч ҳолат бўйича айбдор деб топганди:
• 30- банд — жиноятга аралашиш;
• 303-банд — коррупция;
• 306-банд — Қирғизистон манфаатларига хилоф равишда давлат харидларини амалга ошириш.
Биринчи май район суди Максим Бакиевни 3 йилгача маълум лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, унинг мол-мулкини мусодара этишга ҳукм қилганди.
Максим Бакиев ўшанда «Северэлектро» электр ширкатини сотиб давлатга 133 млн АҚШ доллари миқдорида мулкий зарар етказганликда ҳам айбдор деб топилганди.
Бош прокуратурага кўра, кичик Бакиевнинг қилган жиноятлари ичида Иссиқкўл областидаги ерларни ноқонуний равишда сотганлик ҳам бор.
«Отасининг мавқеидан фойдаланиб, Максим Бакиев Давлат мулки қўмитасининг Иссиқкўл худудий бошқармаси бошчисига 9 гектардан ошиқ ерни ўзлаштириб беришга буйруқ берган» , — деб ёзилганди Бош прокуратура сайтида.
Прокуратура тарқатган баёнотга кўра, ушбу ўзлаштириш оқибатида давлатга 123 минг сомдан ошиқ зарар келтирилган.
Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Буюк Британиядан Максим Бакиевни Қирғизистонга юборишни талаб қилмоқчи.
Бош прокуратура Максим Бакиевга қарши жиноий ишни 2010 йилги инқилобдан сўнг қўзғаганди.
2010 йилнинг май ойида у Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган — 2010 йилнинг 14 июнида у ижарага олинган шахсий самолётда Буюк Британиянинг «Фарнборо» аэропортига қўнган ва маҳаллий полиция тарафидан қўлга олинган эди.
Кейинроқ у Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраган ва сўрови қаралгунча унга вақтинчалик мазкур давлат худудида яшаб туриш ҳуқуқини сўраган эди.