Бишкек: Хитойлик кассирдан 7 млн сом тўналди

410

Alty-nken-450x300

Уч номаълум шахс «Алтынкен» олтин чиқариш корхонаси кассиридан ичида 7 млн сом бўлган сумкасини тортиб олган. Ҳодиса Бишкек марказида юз берган, тўновчилар топилгани йўқ.

Босқинчилик  Бишкекнинг Горкий кўчасидаги кафеларнинг бирида, «Алтынкен» ходимларининг учрашуви чоғида содир этилганини хабар қилди Бишкек ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Карима Омункулова.

Унинг сўзларига кўра, кассирни уч номаълум шахс тўппонча билан қўрқитиб тўнаган.

«Улар ҳали аниқланмаган тўппончадан ерга қаратиб бир ўқ узган ва бундан сўнг тажовузкорларнинг бири пул солинган рюкзакни юлқиб олган», — деди Омункулова.

Кассир билан бирга ўша учрашувда олтин конининг яна олти хитойлик ходими ҳам бўлган.

Улар тўновчиларга қаршилик кўсатишга ҳаракат қилган, бироқ, Омункуловага кўра, босқинчилар яна бир бор ҳавога ўқ узган ва воқеа жойидан қочиб кетишга эришган.

Исми ошкор қилинмаётган кассир Бишкекка компания ходимларига ойлик маошларини тўлаш учун келган бўлган.

Милиция маъумотларига кўра, жиноят жойидан тўппонча гилзаси топилган.

Ҳодиса юзасидан «Босқинчилик» моддаси бўйича жиноий иш очилди.

«Алтынкен» компанияси Чуй областининг Орловка қишлоғида олтин чиқариш саноати билан шуғулланиб келади.

Компаниянинг 40 фоиз акциялари «Кыргызалтын» давлат корхонасига тегишли, қолган 60 фоизига эса Хитойнинг «Суперб Пасифик Лтд.» компанияси эгалик қилади.

Авторы: Алексей Ким