АҚШ ҳалокатда ёрдам кўрсатган Қирғизистонга миннатдорчилик билдирди

660

fotografiya-1

АҚШнинг Бишкекдаги элчилиги Чуй вилоятида юз берган авиаҳалокатда ёрдам кўрсатгани учун Қирғизистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.

Қирғизистон ҳукумати билан бир қаторда АҚШ элчилиги Чуй вилояти яшовчилари ва маъмуриятига ҳам оғир дамда ёрдамини аямагани учун ташаккур изҳор қилди.

«АҚШ элчилиги ҳалокат юз берган жойда кўрсатган кўмаклари учун Чуй области ҳокимияти ва яшовчиларига миннатдорчилик билдиради», — деб ёзилади элчилик матбуот релизида.

Авиаҳалокат юзасидан биринчи марта оммавий турда расмий муносабат билдирган АҚШ элчилиги фожеда қурбон бўлганлар яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Америка ҳаво кучларига қарашли KC-135 учоғи 3 май куни АҚШ ҳаво кучлари тарафидан Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар учун қўлланиладиган «Манас» Транзит юк ташиш марказидан учиб чиққандан сўнг қулаганди.

Икки учувчи ва битта техникдан ташкил топган экипаж аъзоларининг ҳар уччаласи фожеада ҳалок бўлган.

Самолётда ҳавода портлаб, сўнг бир неча қисмга бўлиниб қулагани экипаж аъзоларини топишни қийинлаштирганди.

Фавқулотда ҳолатлар минисртлигининг қутқарувчилари фожеанинг эртаси куни ҳалок бўлган учувчилар жасади қолдиқларини топишди.

Ҳодиса жойидан олинган суратларни кўриш

Айни пайтда, авиаҳалокат қирғизистонликлар орасида нафақат ҳамдардлик туйғусини, балки норозиликка ҳам сабаб бўлди — 15 яқин фаоллар Бишкекда Америка ҳарбийларининг давлатда бўлишларига қарши норозилик акциясини ўтказди.

Ўзини «Жон эле» («Шунчаки») деб атаган гуруҳ фикрича, «Манасдаги» Транзит юк ташиш маркази «Қирғизистон халқига хавф туғдиради».

«Самолётнинг қулаши бунга яққол мисол. Кейинги учоқнинг Бишкекка қуламаслигига ким кафолат бера олади?» — деди ҳаракат етакчиси Атай Бейшенбек уулу журналистлар билан суҳбатда.