Президент кубоги: «Дордой» 9-0 «Йидзин»

629

AFCPresCupLogo-600x350
 

ОФК президенти кубоги баҳсларида Бишкекнинг «Дордой» жамоасига Бутан чемпиони «Йидзинни» мағлуб этиш қийинчилик туғдирмади Қирғизистон жамоаси жавобсиз 9 гол уришга эришди.

Бутанликлар дарвозасини беш марта ишғол қилган қирғизистонлик ҳужумчи Азамат Мурзаев мусобақанинг энг маҳсулдор ўйинчиларидан бирига айланди.

Азамат учрашувдаги биринчи голини 9 дақиқадаёқ киритишга муваффақ бўлди.

Унинг жамоадоши Турсунали Рустамов 30 дақиқада ҳисобни икки баробарга оширган бўлса, Мурзаев 41 дақиқада ўртадаги мувозанатни янада йириклаштирди.

Ўйиннинг иккинчи бўлими «Дордой» ва 50 дақиқасида хет трикка эришган Мурзаев устунлигида ўтди. Азаматнинг голидан олти дақиқа ўтиб Ислам Шамшиев ўзини кўрсатган бўлса, 62 дақиқада дордойлик Сергей Калеутин ҳисобни 6:0га етказди.

Дарвозабон ўйинидан кўнгли тўлмаган бутанлик мураббий уни алмаштирди, бироқ бу ўзгартириш дордойликлар ҳужумларига тўсқин бўла олмади.

«Дордой» ўйин сўнгигача яна уч гол уришга эришди — учрашувнинг 72 ҳамда 80 дақиқаларида Азамат Мурзаев икки гол муаллифига айланган бўлса, 84 дақиқада Рустамов дублни қайд этди.

B гуруҳининг иккинчи ўйинида Покистоннинг КРЛ жамоаси Филиппин чемпиони «Глобала» устидан ғалаба қозонди.

Гуруҳда 4 очкодан жамлашга эришган қирғизистонлик ва покистонлик  футболчилар мусобақанинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

ОФК президенти кубоги – Осиё футбол турнирлари орасида учинчи ўринда туради ва унда минтақанинг энг паст рейтингли давлатлари чемпионлари иштирок этади.