«Триумф» супермаркети бошқармаси «Озодлик» радиоси сайтида айтилган маълумотни рад этиб, универсамга осиёликларга кириш таъқиқланмаганини билдирди. Омскда ишловчи ўзбекистонлик муҳожир юз тузилиши туфайли дўконга кира олмаётганини айтмоқда.
Омскдаги супермаркет қўриқчилик хизмати бошчиси Владимир Смоль Kloop.kg билан суҳбатда дўконга «осиёликларнинг киришини таъқиқлаш» бўлмаганини билдирди.
Бу маълумотни биринчи бўлиб «Озодлик» радиоси ўз сайтида ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Дилшод Ўриновга таяниб чоп этганди.
«Россиянинг Омск шаҳрида меҳнат қилаётган aндижонлик Дилшоднинг шикоят қилишича, Омскдаги “Триумф” супермаркетига марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг киришига рухсат берилмаяпти», — деб айтилади сайт чоп этган мақолада.
«Озодлик» дўкон қоровулларига таяниб муҳожирларни киритмаслик буйруғини бошқарма берганини хабарлаганди.
Бироқ «Триумф» бу маълумотни рад этмоқда.
«Бу ҳақиқатга тўғри келмайди, чунки бизда ишлаётганларнинг 50 фоизи осиёликлар. Агар харидор ичмаган, тоза ҳолатда келса биз албатта уни киргизамиз », — дейди Смоль.
Kloop.kg таҳририяти Ўринов билан боғланганда у ташқи кўриниши сабаб магазинга киритилмаётганини даъво қилди.
Меҳнат муҳожири сўзларига кўра, у супермаркетга дўстлари билан кирмоқчи бўлган, бироқ қўриқчилар сабабини тушунтирмай уларни ичкарига киритмаган.
Унинг таҳминича, дўкон маъмурияти уни ташқи қиёфаси учун киритмаган, зеро европоид ирқидаги кишиларнинг бемалол дўконга кираётганига ўзи гувоҳ бўлганини айтади Дилшод.
«Мендан ташқари олдимда бир неча руслар ҳам турганди, уларни киргизиб юборишди. Мен «Нима, руслардан бошқаси дўконга кириши мумкинмасми?», деб сўрадим. Қўриқчи бунга жавоб бермади» — дейди Ўринов.
Дилшод Ўриновга кўра, қўриқчи таъқиқ сабабларини тушунтиришни истамаган ва бошқармаси вакилини чақиришдан ҳам бош тортган.
Омск — Россиянинг катта шаҳарлари орасида Марказий Осиёга энг яқин жойлашган шаҳар. У Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг кўплиги билан машҳур.