Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев ёшлар министри Алясбек Алимкулов ва маданият министри Ибрагим Жунусовни ишдан бўшатди.
Президент маъмурияти ахборот сиёсати бўлими министрларни қайси сабабга кўра лавозимдан олинганини очиқламаяпти.
Президент маъмурияти ахборот сиёсати бўлими етакчиси, Алмаз Усенов Kloop.kg мухбири билан суҳбатда бу янгиликлар яқинда эълон қилинган ҳукуматга ўзгартиришлар киритишга боғлиқ эканини баён қилди.
Мулозим айтаётган ўзгартиришларга мувофиқ Ёшлар, меҳнат ҳамда иш билан таъминлаш министрлиги эндиликда Меҳнат, миграция ҳамда ёшлар министрлигига ўзгартирилди.
Маданият ҳамда туризм министрлиги номига «ахборот» сўзи қўшилиб энди у расман Қирғизистон маданият, туризм ва ахборот министрлиги деб аталади.
Ибрагим Жунусов ва Алясбек Алимкуловларни лавозимдан четлатиш ҳақидаги таклифни расман ҳукумат бошчиси Жанторо Сатибалдиев президент билан бўлган учрашуви чоғида таклиф қилган.
Аввалроқ бир қатор ахборот агентликларида Жунусовнинг ОАВ фаолиятини лицензияламоқчилиги ҳақидаги хабар тарқаганди ва бу ўз ўрнида журналистлар орасида норозиликка сабаб бўлган.
Ҳукуматнинг ўзида эса Жунусов ташаббуси “қонунга хилоф” деб аталганди.
2012 йилнинг 7 апрел кунги инқилоби пайтида бошидан икки жароҳат олган тадбиркор Алясбек Алимкулов янги ҳукумат келганидан бир ой ўтиб, 2010 йилнинг май ойида Ёшлар, меҳнат ва иш билан таъминлаш министри этиб тайинланганди.