Жалолободдаги икки вице-мэр муаммоси прокуратура аралашувидан сўнг ечилди

556

Жалолободнинг янги мэри Мухтар Арапбаев янги вице-мэр этиб Таирбек Чойбековни тайинлаб, амалдаги Урмат Маматовни ишдан бўшатмагани туфайли шаҳар мэриясида бир ҳафта давомида иккита вице-мэр фаолият кўрсатди.

Амалдаги вице-мэрни бўшатмай янгисини тайинлаган Жалолобод мэри Мухтар Арапбаевга шаҳар прокуратураси эски вице-мэрни лавозимда қолдириш таклифини берди.

Мэрия билан боғланганимизда унинг ходими мазкур юридик казус сабабларини изоҳлашни хоҳламади.

«Мэр прокуратура таклифини эътиборга олади», — дейишди шаҳар мэри қабулхонасида.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Жалолобод мэрияси ходимига кўра, амалдаги вице-мэр Урмат Маматов ўз лавозимида қолади, Чойбеков эса иккинчи вице-мэр вазифасига киришади.

«Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш қонуни»га кўра, Жалолобод шаҳрида фақат битта вице-мэр бўлиши мумкин.

Вице-мэрни тайинлашда йўл қўйилган хатони област прокуратураси «Акипресс» ахборот агентлигида чиққан хабардан анилаган.

Қирғизистон социал демократлар партияси вакили Мухтар Арапбаев бир ҳафта аввал Жалолобод мэри этиб сайланганди. Унга 31 депутатнинг 17таси овоз берган.

Аввалроқ бу лавозим «Өнүгүү» партияси етакчиси Бакыт Адыловга тегишли эди, бироқ партия сайловда аксарият овозларни олишига қарамай, кўпчилик коалициясини ташкил қила олмади ва партия бошчиси лавозимини сақлаб қола олмади.