Ўзбекистонлик қочқин Бишкекда ғойиб бўлди

587

«Хьюман Райтс Уотч» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотига кўра, ўзбекистонлик қочқин Шухрат Мусин 18 феврал куни Бишкек марказида ғойиб бўлган. Ўзбекистон ҳукумати уни «терроризмда» айбламоқда.

Мусинга 18 феврал куни кундузи қўнғироқ қилишгач у кўчага чиққан ва ортига қайтмаган — бу хабарни ҳодисадан 8 кун ўтиб «Хьюман Райтс Уотч» ҳуқуқни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти тарқатди.

Асли Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги Хонабоддан бўлган Шуҳрат Мусин 2008 йилдан буён Қирғизистонда қочқин мақомини олиб яшаб келган ва Бирлашган миллатлар ташкилоти орқали учинчи давлатга юборилишини кутиб юрган.

Мусин йўқолгандан сўнг алоқага чиқмай қўйган - HRW ташкилоти уни зўрлаб Ўзбекистонга олиб кетган бўлишлари мумкинлигидан ҳавотирда.

Ўзбекистонда уни «терроризм», «Конституциявий тузумни ағдаришга ҳаракат» ҳамда «диний экстремистик фаолият»да айблашади.

Ўз ўрнида HRW Мусин оиласи билан диний мотив учун таъқиб қилинганидан сўнг ўз ватанидан қочганини айтади.

У яшаган Хонабод шаҳри 2005 йилда Ислом Каримовга қарши чиққан митингчилар шафқатсизлик билан босилган Андижон шаҳри яқинида жойлашган.