24 январ куни 200га яқин киши парламент биноси олдида Давлат мудофааси хизмати бошчисининг собиқ муовини Данияр Дунгановни қайта СИЗОга киритишни талаб қилиб митингга чиқишди. Ҳарбий суд аввалроқ инқилобчиларни отганликда айбланган Дунгановни касаллиги туфайли қўйиб юборганди.
Митингга чиққан 2010 йилги инқилобда қурбон бўлганлар яқинлари Давлат мудофааси бошчисининг собиқ муовини Данияр Дунгановни ҳакам «ноҳақ» қўйиб юборган, деб ҳисоблашади.
«Нега қўйиб юборишди? Бу катта савол. Демак у ерда коррупцион тизим ишлайди», — деди митингга чиққан Риспек Абакиров.
Улар Дунганов икки ярим йилдан ошиқ умрини ўтказган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторига қайта киргизишни талаб қилишяпти.
21 январ куни ўтган маҳкамада шифокорлар Жаниш Бакиев собиқ ўринбосари соғлиги ёмонлашиб бораётганини айтганларидан сўнг Ҳарбий суд уни тергов изоляторидан уй қамоғига кўчириш қарорини қабул қилганди.
«Дунгановнинг касаллиги ва унинг аҳволи яхшиланмаётгани учун, унга жазо чораси ўзгартирилсин. Шунингдек Дунганов тергов билан ҳамкорлик қилаётгани учун, унинг қочиб кетиш қўрқинчи йўқ. Дунгановни давомли қамоқда сақланиши унинг ҳаётига қўрқинч солади», — деганди ҳакам.
Шифокорлар Давлат мудофааси бошчисининг собиқ ўринбосари аҳволи оғир экани ва у ўз вақтида шифохонага ётқизилмаса ўлиши мумкинлигини башорат қилишганди.
Шифокорларга кўра, Дунгановнинг бош миясида юрак ва ќон томирлари склерози топилган ва у жарроҳлик амалиётига муҳтож.
Дунганов СИЗОда икки ярим йилдан ошиқ вақт ўтказди. У ҳокимиятдан қувилган Қурманбек Бакиев укаси Жаниш Бакиев митингга чиққанларни отиш ҳақида берган буйруқларини ижро қилганликда айбланяпти.
Бироқ Дунгановнинг ўзи унга қўйилган айбловларнинг барчасини инкор этиб келади.
2010 йилги инқилоб пайтида 80 одам қурбон бўлганди.
Авторы: Эльдияр Арыкбаев