Футзал: «Дордой» Олмаотанинг «Кайрат» жамоасига ҳар иккала ўйинни бой берди

386

Футзал бўйича Қозоғистон чемпионатидаги Қирғизистоннинг ягона клуби «Дордой» турнир пешқадами Олмаотанинг «Кайрат» клубига икки ўйинни бой берди. Бишкек жамаоси чемпионатдаги 10 жамоа ичида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди.

Икки ўйин сериясининг биринчисида «Дордой» пешқадам «Кайрат»га 0:6 ҳисобида ўйинни бой берган бўлса, иккинчи учрашувда ҳам меҳмонлар қўли устун келди — ҳисоб 1:7.

Жамоалар ўртасидаги беллашувлар 11 ва 12 январ кунлари бўлиб ўтди.

Учрашувларнинг биринчисида «Кайрат» футболчилари бишкекликлар дарвозасини биринчи бўлимнинг ўзидаёқ 4 марта ишғол қилишга эришди.

Иккинчи ўйин аввалгисидан фарқли равишда бошланди — «Кайрат» ўйиннинг 3чи минутида ҳисобни очган бўлса, 10 дақиқа ўтиб дордойчилар бунга жавоб қайтаришди.

Бироқ бу ҳисобни бишкеклик футболчилар ушлаб қололмади — Қозоғистон чкмпионати пешқадами ўйиннинг иккинчи бўлимида ўз рақиблари дарвозасига яна олтита жавобсиз гол йўллашди.

«Дордой» жамоаси сардори Нуржан Жетибаев «Кайрат»нинг кучли жамоа эканини ва у хатоларни кечирмаслигини айтади.

«Биз «Кайрат»га нисбатан ҳозир жисмонан кучсизроқ эдик ва баъзи имкониятлардан унумли фойдалана олмадик», —деди Жетибаев ўйиндан сўнг.

«Дордой» — Қозоғистоннинг футзал бўйича ўтаётган чемпионатида иштирок этаётган Қирғизистоннинг ягона жамоаси.

Мусобақада жами 10 клуб иштирок этади.

20та ўтказилган учрашувлардан сўнг 16 очко жамлаган «Дордой» мусобақанинг саккизинчи ўрнида кетяпти. Мавсум бошидан бери жамоа беш ўйинда ғалаба қозонган.

Мусобақанинг 31чи январ ва 1 феврал куни ўтувчи навбатдаги турида дордойлик футболчилар Таразнинг «СКА Юг» жамоасига қарши ўйинга тушади.