Милиция мулозими қотиллигида гумонланган шахс қўлга олинди

419

Махсус хизмат ходимлари 11 январ куни отиб кетилган ИИВ қошидаги уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш жанубий бўлимининг бошчиси Толкунбек Шоноев қотиллигида гумонланган шахсни қўлга олди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати тарқатган маълумотда гумондор шахс милиция мулозимининг ўлимидан икки кун ўтиб, 13 январ куни қўлга олинган.

Махсус хизматлар маълумотига кўра, қўлга олинган шахс бир неча бор жиноятлар учун жазога тортилган. Улар орасида ноқонуний равишда қурол сақлагани учун ҳам жазо ўтаган.

Гумондорнинг қайси сабабга кўра қўлга олингани ҳозирча номаълум.

«К.Ж. (қўлга олинган шахс исми очиқланмаяпти, — таҳр) полковник Т. Шоноев қотиллигида асосий гумондор», — дейилади МХДҚ тарқатган матбуот релизда.

Қўлга олинган шахс ҳозирга МХДҚ тергов изоляторида сақланмоқда. Махсус хизмат вакиллари уни қотиллик содир бўлган Ўшга юборишни ҳал қилмоқдалар.

Милиция бошчиси полковник Шоноевга қарши қуролли ҳужум 11 январ куни Ўшда содир этилганди.

Шоноев беш жойидан ўқ еган: уларнинг тўрттаси кўкрак қисмига, биттаси бўйнига теккан.

Полковик ўлдирилишининг сабаби ҳозирча номаълум.

Милиция қотилликда гумонланаётган шахслар фотороботини тузди. ИИВ матбуот хизмати хабарларига кўра, қотиллик жойида «осиёликлар қиёфасидаги икки киши» бўлган.

Марҳум Шоноев 35 ёшда бўлган, унинг ортидан аёли ва тўрт боласи қолди.