Бишкек: Милиционерлар машиналарида жарима тўлаш терминаллари ўрнатилади

703

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси ДАН ходимлари машиналарида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар учун махсус жарима тўланувчи терминаллар ўрнатишни режалаштиряпти. Ҳайдовчилар ушбу янгиликка ижобий ёндошмоқдалар.

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқамаси (ШИИБ) матбуот котиби Бакыт Сеитов Kloop.kg билан суҳбатда эндиликда қоидабузар ҳайдовчилар жаримани ўз ўрнида тўлашлари мумкинлигини билдирди.

«Милиционер энди қоида бузилган ерда протокол тузади ва ҳайдовчига топширади. Агар у (ҳайдовчи) қоидани бузганлигини тан олса ва жаримани тўлашга тайёр бўлса, унда у дарров милиция машинасида ўрнатилган терминалга жаримани тўлаши мумкин бўлади», — деди Сеитов.

Ҳозирги кунда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар жаримани фақат РСК банкида ёки «Кыргызпочтасы» бўлимларида тўлашлари мумкин. Сеитов сўзларига кўра, жаримани қабул қилувчи мазкур бўлимлар терминаллар ўрнатилгандан сўнг ҳам ишлашда давом этади.

ШИИБ матбуот котиби терминаллар ишини бошқарма ичида очилган махсус комиссия текшириб боришини қўшимчалади.

Бироқ котиб терминаллар ўрнатиш учун қанча маблағ ажратилиши ҳозирда номаълум эканини айтди.

«Биз бу лойиҳани режалаштирдик ва у бўйича бир гуруҳ инсонлар иш олиб боряпти. 2013 йил бошигача терминаллар қачон ўрнатилиши ва бунга қанча маблағ кетишини аниқлаймиз», – деди матбуот котиби.

Милиция машиналарида махсус терминаллар ўрнатиш лойиҳаси Россия полициясига ўрнатилган терминаллар мисолида ишлаб чиқилган.

Ҳайдовчи Зарема бу лойиҳанинг ҳайдовчилар учун зўр бўлишини айтади.

«Кўп ҳолатларда “Почтампда” жаримани тўлаб қайтиб келсанг милиционерлар кетиб қолган бўлади. Кейин эса ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш қийинлашади», – деди у Kloop.kgга.

Бошқа ҳайдовчи Дмитрий эса ҳар қандай ҳисоблагич ва терминалларда “айёрлик” қилиш мумкинлигини айтади.

«Албатта қулай бўлади, лекин бу ҳисоблагичларда “айёрлик” қилишади. Бизнинг давлатда бу лойиҳани амалга ошириш беҳуда бўлади, чунки пуллар “бошқа” тарафга кетади. Пора эса ўсишда давом этади», – дейди Дмитрий.

2012 йилнинг 11 ойи ичида Бишкекда бир ярим мингга яқин йўл транспорт ҳодисалари қайд этилган. Улар оқибатида 86 одам ҳалок бўлган ва яна икки мингга яқин инсон турли жароҳат олган.

500 яқин ҳолатларда қоидабузар ҳайдовчилар ҳодиса жойидан қочиб кетишган. Бундай жиноятларни фош қилиш кўрсаткичи тақрибан 29 фоизга тенг.