Депутатлар ва министрлар қариндошлари Сатибалдиев ҳукуматидаги ишдан бўшатилди

658


Қирғизистон Бош вазири Сатибалдиев депутатлар ва министрлар қариндошларини ўз ҳукуматидаги лавозимлардан бўшатди. Депутатлар ишдан бўшатилганлар орасида наркотикларга қарши кураш бошқармаси бошчиси лавозимида ишлаётган президен қудаси ҳам бўлиши керак, деб ҳисобламоқдалар.

Депутатлар ва министрлар болалари энди ҳукуматда ишламайди — бундай қарорни Бош вазир Жанторо Сатибалдиев қабул қилди.

Вице бош вазир Тайирбек Сарпашев «Вечерний Бишкек» интернет таҳририятига қабул қилинган қарор Бош вазирнинг «сиёсий ҳукми» эканини айтди.

«Музокаралар натижасида Бош вазир тарафидан депутатлар болалари ишдан олинди. Бу Жанторо Сатибалдиевнинг сиёсий ҳукми эди», —деди Сарпашев.

Вице премьер ҳозир ҳукуматда бирорта “Бош вазир ёки министрлар қариндошлари” йўқлигини таъкидлади.

Ҳукумат қанча қариндош ишдан бўшатилганини очиқламаяпти.

Бош вазир матбуот котиби Нурзад Токтогулова ҳодиса тафсилотларига очиқлик киритишни истамади.

«Вечерний Бишкек» ишдан бўшатилган ходимлар рўйхатини чоп этди. Рўйхатдаги маълумотга кўра, ҳозирда мухолифатдаги «Ата-Журт» ва кўпчилик коалициясидаги «Ар-Намыс» партиялари депутатлари болалари ишдан олинган.

Атажуртчи депутат Жилдизкан Жолдошева Kloop.kg журналистига ишдан бўшатилганлар сони 20 киши эканини айтди.

Депутат Анвар Артиков ишдан бўшатилганларга ҳеч ким расмий сабаб кўрсатмагани ва бошқа иш таклиф қилмаганидан шикоят қилди.

Бунга ўхшаш шикоятни унинг партиядоши Абдирахман Маматалиев ҳам билдирди. Унинг ўғли Марлен ҳам ҳукуматдаги бир бўлимнинг бошчиси бўлиб ишлаган.

«Улар қайси сабабга кўра ишдан бўшатишаётганини айтишмаган», — деди Маматалиев Kloop.kg билан суҳбатда.

Депутат Жолдошева лавозимидан айрилганлар орасида наркотикларга қарши кураш бошқармаси бошчиси лавозимида ишлаётган президент Алмазбек Атамбаев қудаси Алимбай Султанов йўқлигини кўрсатиб ўтди.

Президен қизининг эри Семетей яқинда Қирғизистон Футбол федерациясига бошчи этиб сайланганди.
«Агар у [Сатыбалдиев] депутатлар қариндошларини ишдан олмоқчи бўлса, унда у Атамбаев қариндошларини ишдан олиши керак», — ҳисоблайди Жолдошева.