Жалолобод: Етти партия сайловдаги овозларни қайта санашни талаб қиляпти

814

Жалолободдаги маҳаллий сайловларда мағлубиятга чалинган етти партия вакиллари овозларни қайта санашни талаб қилиб област маъмурияти биноси олдида митинг ўтказди. Худудий сайлов комиссияси «қонунбузарликлар» бўлмаганини таъкидлаяпти.

Митингда мухолиф ҳамда ҳукуматга қарашли — «Бүтүн Кыргызстан», «Замандаш-Современник», «Республика», «Акшумкар», «Ата Мекен», СДПК ва «Эгемен Кыргызстан» партияларидан 50 яқин вакил қатнашди.

«Эгемен Кыргызстан» партияси вакили Максатбек Жеенбеков сўзларига кўра, одамлар сайловда йўл қўйилган “кўплаб хатолар” туфайли митингга чиққан.

«Ушбу сайловларда карусель ҳолатлари, сайлов бюллетенларини ташлаш каби қонунбузарликлар кузатилди. Шунингдек бошқалар номидан овоз берган Ўзбекистон фуқоролари ҳам бор эди», —деб даъво қилди Максатбек Жеенбеков.

Шунингдек у кузатувчилар кўплаб қонунбузарлик гувоҳи бўлганларини айтди. Партиялар даъвосича, аксар “қонунбузарликлар” шаҳарнинг амалдаги мэрига тегишли бўлган «Онугуу» партияси тарафидан амалга оширилган.

«Қонунбузарликлар шунчалик кўпки, юрак ҳуруж қилиши мумкин», — деди Жээнбеков Kloop.kgга берган интервюда.

«Онугуу» партияси аъзоси Кубанычбек Жолдошев Жеенбековнинг қонунбуарликлар ҳақидаги сўзларини рад этди.

«Шаҳар мэри партия аъзоси ҳам эмас. У барча партияларнинг сайловда иштирок этишлари учун имкониятларни бирдай яратиб берди. Бизнинг партиямизни айблашаётгани бу оддий ҳолат, партиямиз ҳеч қандай қонунбузарликларга йўл қўйгани йўқ», – деди Жолдошев.

Худудий сайлов комиссиясининг Жалолободдаги вакили Бариса Турдубаева Kloop.kg билан суҳбатда сайлов жараёнида “кўплаб ва оғир” хатоларга йўл қўйилмаганини айтиб, овозлар қайта ҳисобланмаслигини билдирди.

«Биз барча актларни кўриб чиқдик, лекин мазкур актларда айтилган қонунбузарлик керагича далиллар билан исботланмаган», — дейди вакил.

Қирғизистон шаҳар ва қишлоқ кенгашларига сайловлар 25 ноябр куни ўтганди.