МХДҚ: Қамчи Колбаев Қирғизистонга олиб келинди

959


Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат комитетининг билдиришича, 8 декабр куни Қамчи Колбаев БААдан Қирғизистонга олиб келинган. Комитет хабарларига кўра, Колбаев МХДҚ СИЗОсига киритилган.

Қирғизистоннинг энг йирик наркотижоратчиси ҳисобланган Колбаев сўнгги икки йилни Қирғизистон ташқарисида ўтказди.

Миллий Хавфсизлик давлат комитети тарқатган баёнотда у Бишкекка 8 декабр куни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридан олиб келинган.

Колбаев бир вақтинг ўзида Қирғизистон жиноят кодексининг етти банди билан айбланяпти. Улар орасида жиноий тўдаларни ташкил қилиш ва наркотик моддаларни ноқонуний сақлаш моддалари ҳам бор.

Колбаев айбланаётган жиноятлар тизмаси:

•123. Одам ўғирлаш
•125. Озодликдан маҳрум этиш
•168. Босқинчилик
•231. Жиноий тўдаларни ташкил қилиш
•241. Ўқ отар қуролллар ҳамда портловчи моддаларни ноқонуний сақлаш, тарқатиш, ташиш
•247. Наркотикмоддаларни ноқонуний равишда сақлаш, тайёрлаш, ташиш.
•341. Ҳукумат вакилига зўравонлик кўрсатиш

МХДҚ ҳозирча Колбаевнинг қандай қилиб олиб келинганини очиқламаяпти.

Унинг ҳозирда МХДҚ СИЗОсида сақланаётгани маълум.

Колбаев Қирғизистоннинг энг йирик наркотижоратчиларидан бири ҳисобланади, 2011 йили уни АҚШ ҳукумати дунёнинг энг йирик наркотижоратчилари қора рўйхатига киргизганди.

90чи йиллар сўнгида Колбаев Қирғизистон жиноят оламида ўз таъсирини кучайтириш учун Риспек Ахматбеков билан рақобатга киришган, бироқ Ахматбековга суиқасд қилиш ҳамда унинг икки сафдошини ўлдирганликда айбланган Колбаев 2000 йили 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

2006 йили эса у қамоқдан қчиб кетган, бу ҳодисадан бир йил ўтиб Қирғизистон ҳукумати уни қидиришни тўхтатганди.

2010 йил инқилобигача Колбаев ярим яширин ҳаёт кечирди. 2008 йили у Норин областида етти бўз уйда катта байрам ўтказди. Айрим манбаларда байрамда ўша пайтаги давлат президенти Қуманбек Бакиев ишларини бошқарувчи бир неча мулозимнинг иштирок этгани айтилади.

2010 йилги инқилобдан сўнг Колбаев қўлга олинди. Бундан кўп ўтмай у қамоқдан яна қочди ва охир-оқибат Дубайда пайдо бўлганди.