Ўғирланиб кетилган бир ёшли қизалоқ Айбике Абдилакимованинг онаси унинг қизини ўғирлаганликда гумонланган аёл ўз айбини тан олганини айтди. Ҳозирда қўлга олинган аёл Қизилқия тергов изоляторида сақланмоқда. Қизалоқнинг ўзи ҳали топилганича йўқ.
Қизалоқ онаси Назгул Шарипова Kloop.kgга берган интервюсида қўлга олинган аёл дастлаб унинг қизини ўғирлаганини тан олмаганини ва кейинчалик айнан у қизалоқни олиб қочганига иқрор бўлганини айтди.
«Кейин милициядан бизга қўнғироқ қилишиб у болани ўғирлаганлигига иқрор бўлганини айтишди. Ўшандан бери бизга ҳеч нарсанинг хабарини беришмади. Танишларимиз қўнғироқ қилишиб миш-мишларга кўра боланинг Бишкекда эканини айтишди», — дейди Шарипова.
Шунингдек у қизалоқнинг ўзи ҳали топилмаганини қўшиб ўтди. Аввалроқ Айбикенинг онаси унинг қизини Қирғизистон ичида сотиб юборган бўлишлари мумкинлигини тахмин қилаётганди.
Қизилқия милиция бўлимида масла юзасидан изоҳ беришдан бош тортиб, бола ўғирланганлиги иши юзасидан тергов иши давом этаётганини айтишди.
Маҳаллий милиция бўлими навбатчиси бола ўғирлаганликда нумонланаётган аёл Қизилқия шаҳар тергов изоляторида сақланаётганини хабар қилди. Милиция уни жорий йилнинг ноябр ойи ўрталарида қўлга олганди.
Қизилқия ички ишлар бўлими терговчиси Абдисалам Нарматов аввалроқ милицияи маҳллий аҳолини сўроққа тутаётганини ва улар орасида Айбике сурати тушурилган варақаларни тарқатаётганини хабар қилганди.
«Ким бу ҳақда эшитган бўлса, бизга хабар қилишини сўраймиз. Биз сўрамаган одамнинг ўзи қолмади. Таксистлар, йўловчилар, ўткинчиларнинг барчасидан сўрадик. Туғриқхоналардан, руҳий ҳасталар шифохоналаридан сўрадик», — деганди Kloop.kgга Нарматов.
Бир ёшли Айбике Абдилакимовани Қизилқиянинг марказий бозорида бир ой муқаддам ўғирлаб кетишган. Нотаниш аёл қизалоқ онасига келиб боласини ушлаб туришга ёрдам беришини айтган.
Бозорда ўрнатилган кузатув камераси нотаниш аёлга бола берилаётган пайтни ҳам ёзиб олган.
Видеода нотаниш аёл қизчани олиб қайси тарафга кетгани кўринмайди, бироқ бу пайтда она бошқа тарафга қараб тургани суратга олиниб қолган.
Она боласини ўзга аёлга бергандан олти дақиқа ўтгач излай бошлаган ва видеодаги лавҳага кўра болани излаб нотўғри тарафга юриб кетган.
«Лига защиты прав детей» ижтимоий фондининг 2012 йилнинг май ойида чиқарган статистик маълумотларига кўра, жорий йилнинг аввалги тўрт ойида 40 бола ўғирланган.
Қирғизистон жиноий кодексига мувофиқ, бола ўғирлашлик уч йилдан беш йилгача қамоқ жазоси билан жазоланади.