Депутат Айтматова «жонига теккан» твиттер-эккаунтини ўчириб юборди

485

Депутат Ширин Айтматова Twitter микроблог платформасидаги эккаунтини олиб боришдан “зериккани” учун уни ўчириб юборганини Kloop.kgга берган интервьюсида айтди.

Интернетда @thelostroom номи билан таниқли бўлган машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов қизи Ширин Айтматова 5 декабр куни ўз эккаунтига ёзишни тўхтатди. Бу унинг «Ата Мекен» партияси сафини тарк қилиш қарорини билдирганидан кўп ўтмай содир бўлди.

Айтматованинг ўзи Kloop.kg мухбири билан телефон орқали бўлган суҳбатида 1200га яқин издошлари бўлган ижтимоий тармоқдаги эккаунтидан «чарчаганини» айтди.

«Жўяли сабаб йўқ. Шунчаки жонимга тегди», — деди парламентарий.

Айтматова Twitter микроблогидаги эккаунтини камида икки йил аввал очган. Унинг сўзларига кўра, Twitter у фаол иштирок этган ягона ижтимоий тармоқ бўлган.

Парламентарий ҳозирча микроблог платформасида янги профиль очиш ёки очмаслигини билмаслигини айтди.

«Ўйланиб кўраман. Ҳозир буни ўйлашга ҳам вақтим йўқ», — деди у.

Айтматова ўз эккаунтини тўрт йил давомида олиб борган. Дастлаб унинг профили барча учун очиқ эди, бироқ сўнгги йили сиёсатчи унинг ёзмалари шахсий экани ва у кенг омма учун ёзмаётганини сабаб қилиб профильни махфий қилиб қўйганди.

Ўтган ҳафтада депутат Kloop.kg унинг «Ар-Намыс» кўпчилик коалициясини тарк қилмоқчилиги ҳақидаги твитларини чоп қилганидан ғазабланганди.

Депутат микроблог платформасида ўзининг дангаллиги билан машҳур эди ва ўзининг эътирофига кўра, бу учун партия бошқармасидан танбеҳ оларди.

Сиёсатчилар Twitter платформасида

Айтматова — парламент депутатлари орасида Twitter ижтимоий тармоғида эккаунти бор ягона сиёсатчи эмас. Бироқ у қирғиз сиёсатчилари орасида ижтимоий тармоқларда биринчилардан бўлиб фаоллик кўрсатган.

«Ар-Намыс»нинг икки депутати — Дастан Бекешев ва Турсунбай Бакир уулу — қарийб ҳар куни ўз эккаунтларида номалар қолдиришади.

Давлат мулозимлари орасида Транспорт ва коммуникация министри ўринбосари Нурлан Баяман ва Ижтимоий ривожлантириш минитсри муовини Эдил Байсалов ҳам Twitter микроблогида ўз эккаунтларига эга.