Партиялар норозилигига қарамай МСК Жалолободдаги сайлов натижаларини бекор қилмайди

610

«Кўплаган қонунбузарликлар» туфайли ўн сиёсий партиядан еттитаси Жалолобод шаҳар кенгашига ўтказилган сайлов натижаларини бекор қилишни талиб қилмоқда. Марказий сайлов комиссияси эса овозларни қайта санамоқчи эмас.

Марказий сайлов комиссиясининг Жалолободдаги вакили Бариса Турдубаева Kloop.kg билан суҳбатда сайлов жараёнида “кўплаб ва оғир” хатоларга йўл қўйилмаганини айтиб, овозлар қайта ҳисобланмаслигини билдирди.

«Биз барча актларни кўриб чиқдик, лекин мазкур актларда айтилган қонунбузарлик керагича далиллар билан исботланмаган», — дейди вакил.

Сайловда иштирок этган партияларнинг қарийб барчаси Жалолободнинг сайлов комиссиясидан сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилганди.

Сайловда йўл қўйилган қонунбузарликлар ҳақида «Единый Кыргызстан», «Замандаш-Современник», «Республика», «Акшумкар», «Ата Мекен», СДПК ва «Эгемен Кыргызстан» партиялари билдирган.

«Ушбу сайловларда карусель ҳолатлари, сайлов бюллетенларини ташлаш каби қонунбузарликлар кузатилди. Шунингдек бошқалар номидан овоз берган Ўзбекистон фуқоролари ҳам бор эди», —деб даъво қилди «Эгемен Кыргызстан» партияси вакили Максатбек Жеенбеков.

«Республика» партияси вакили Жаныш Курбановнинг билдиришича, сайлов комиссияси шикоят актларини қабул қилишда фақат шаҳарнинг амалдаги мэрига тегишли бўлган «Онугуу» партиясидан келган шикоят актларини кўриб чиққан.

«Онугуу» партияси аъзоси Кубанычбек Жолдошев Kloop.kgга берган интервьюсида Курбанов сўзларини рад этди.

«Шаҳар мэри партия аъзоси ҳам эмас. У барча партияларнинг сайловда иштирок этишлари учун имкониятларни бирдай яратиб берди. Бизнинг партиямизни айблашаётгани бу оддий ҳолат, партиямиз ҳеч қандай қонунбузарликларга йўл қўйгани йўқ», – деди Жолдошев.

Қирғизистон шаҳар ва қишлоқ кенгашларига сайловлар 25 ноябр куни ўтганди.