Давлат ҳуқуқ ҳимоячиси Турсунбек Акун Ички ишлар вазирлиги академияси бошчиларини курсант Нурлан Ниязбаев ўлимида айблади. Академия ректори омбудсмен айбловларини «пиар»дан бошқа нарса эмаслигини айтди.
Журналистлар билан учрашув чоғида Акун омбудсмен аппарати комиссияси уч қаватли бино баландлигидан қулаб йиқилган Ниязбаев ўлимида ИИВ Академияси айбдор, деган хулосага келганини айтди.
«Комиссия қуйидаги натижага келган: тиббий ёрдам ўз вақтида кўрсатилмаган, Академиянинг ўз тиббий хизмати бўла туриб ёрдам кўрсатилмаган, Академия ходимлари тиббий ёрдамни чақиришда лоқайдлик қилганлар», – деди омбудсмен.
Комиссия бошчиси Гулзина Асаналиева Ниязбаев курсдошларидан бири унга марҳум Академиядаги хўрликлар ҳақида шикоят қилганини айтган.
«Бизда унинг курсдоши Сопуевнинг ичимлик ичиб ўтирганда Ниязбаев унга ўзини ёмон хис қилаётганини ва у билан дўстлари сўзлашмай қўйгани ҳақида гапиргани тўғрисида кўрсатмалари бор», – деди Асаналиева.
Академия бошқармасига кўра, марҳум маст ҳолатда учинчи қаватдаги ойнадан йиқилиб тушган.
Комиссия бошчисига кўра, улар учинчи қаватдаги бу хонага кирганлар ва унинг ойнаси тирқишига олам сиғмаслигига гувоҳ бўлганлар.
«Ойна тирқиши жуда тор. Оддий инсон елкалари унга сиғиши жуда қийин. Бироқ Академия раҳбарияти у ўз ҳожатини чиқариш учун чиққанда мувозанатни йўқотгани ва йиқилиб тушганини айтмоқда», – деди Асаналиева.
Академия бошчиси Алмаз Базарбаев ҳуқуқ ҳимоячиси Турсунбек Акун бу ишдан ўзини реклама қилиш учун фойдаланаётганини айтади.
«Курмант тарафидан шахсий ўзини тутиш тартиблари бузилган. Икки киши 3 шиша ароқни ичиб юборган. Ўқув юртимиз қўриқланувчи объект бўлмагани учун, биз курсантларни туни назорат қила олмаймиз», – деди Базарбаев.
Курсант ўлими бўйича жиноий иш 20 октябрда қўзғатилган ва Бош прокуратура назорати остида олиб борилмоқда.