«Фергана.ру» Давлат алоқа агентлигини судга берди

824

«Фергана.ру» ахборот портали адвокати Нурбек Токтакунов 2012 йилнинг февралида Алоқа агентлиги Қирғизистон ҳудудида тўсиб қўйгани учун уни судга берди.

«Фергана.ру» таҳририяти 19 ноябр куни ҳукумат қошидаги Давлат алоқа агентлигини (ДАА) судга берди. Сайт 2012 йилнинг февралидан бошлаб Қирғизистон ҳудудида таъқиқланган эди.

Қирғизистон ҳукумати ўшанда таъқиқ сабаби қатори сайтнинг миллатлар аро низони қўзғаганини рўкач қилганди.

Сайтни қайта очиш ҳақидаги даъво Бишкекнинг туманлараро судида рўйхатга олинганини айтди «Фергана.ру» адвокати Нурбек Токтакунов.

Адвокатга кўра, Алоқа агентлигига қарши яна бир даъвони у ўз номидан ҳам топширган.

«Менинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқим ва ўз эркин фикримни билдириш ҳуқуқим бузилди», — деди адвокат Kloop.kg билан суҳбатда.

«Фергана.ру» сайти бош муҳаррири Даниил Кислов аввалроқ 2012 йилнинг фенвралида сайтга тўсиқ қўйилишини «ноқонуний» деб айтганди.

«Қирғиз қонунчилигига кўра, фақат бир ҳолатда сайт тўсиб қўйилиши мумкин — қачон Бош прокуратура судга мурожаат қилиб сайтда экстремистик мақолалар ёки қонунни бузувчи мақолалар бўлгандагина тўсиқ қўйилади», — деди Кислов.

Сайт муҳаррири шунингдек таъқиқ қонуний равишда амалга оширилишини хоҳлаётганини билдирди.

«Биз эктремизмга қарши ҳаракат қилиш ҳақидаги қонунлар ва расмий ҳужжатларга риоя қилинишини хоҳлардик. Бизнинг фикримизча, бугунги кунда сайтга тўсиқ қўйиш Қирғизистон қонунларини бузяпти», — дейди бош муҳаррир.

Давлат алоқа агентлиги матбуот котиби Самат Сагынбаев Kloop.kgга берган интервьюсида «Фергана.ру» таҳририяти Жогорку Кенеш билан судлашиши кераклигини айтди. Унга кўра, агентлик парламент буйруғини амалга оширяпти халос.

«Мен Жогорку Кенеш учун жавоб бера олмайман. Ўзлари жавоб берсин. Биз ижрочи ҳукуматмиз — буйруқ бўлса биз бажарамиз», — деди Сагынбаев.

Манбани ёпиш ташаббуси 2011 йилнинг июн ойида парламент депутатлари тарафидан қўлланганди. Депутатлар ўшанда бу қарорни Қирғизистон манфаатларини ҳимоя қилиш билан изоҳлагандилар.

Парламент қарори 2012 йилнинг 21 февралида ҳукуматнинг сайтни тўсиш ҳақидаги қароридан сўнг ўз ижросини топди.