Энергетика вазирлиги: қишда электр энергияси авария ҳолатларида ўчирилиши мумкин

666

Келаётган қишда Қирғизистонда электр энергиясини авария ҳолатларида техник сабабларга кўра ўчирилиш ҳолатлари учраши мумкин, бироқ жадвалли тарздаги узиб қўйишлар бўлмайди.

Парламент мажлисида Қирғизистоннинг келаётган қишга тайёргарлиги масаласи кўрилди. Депутат Дастан Бекешев (Ар-Намыс) электр энергиясининг ўчирилиши борасида сўради.

“Ҳа, узилишлар бўлади, чунки бу техника. У бузилиши ва қайта тузалиши мумкин. Аммо жадвалли тарздаги узиб қўйишлар бўлмайди. Бизда сув ва кўмирнинг етарли заҳираси бор”, - деб жавоб берди энергетика ва саноат вазири Автандил Калмамбетов.

У қишда вазирлик Қирғизистон шимолида электр энергияси истеъмолини чеклаши мумкин, деб давом этди.

“Электр энергиясининг 40фоизи Тўқтоғул ГЭСидан Қирғизистон шимолига Тошкент-Чимкент-Жамбул-Чалдовар тармоғи орқали келади. Истеъмолнинг ортиши билан боғлиқ равишда бу тармоқларнинг ўткизиш қуввати ҳам сусаяди. Агар қозоқ ёки Марказий Осиё тармоқларида оғирликлар бўлса, чекланишлар киритилиши табиий”, - дейди Калмамбетов.

Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ягона энергетик тизимга эга. Қирғизистон электр энергиясини жанубдан шимолга икки қўшни мамлакат ҳудудидан ўтувчи электр ўтказиш тизими орқали етказиб беради.