Россияда икки қирғизистонлик аёл наркотик ташигани учун судланган

702


Қирғизистонлик Бахтиёрхон Содиқова ва Мархабохон Раимжонова Ўшдан Новосибирскка героин моддасини ноқонуний олиб ўтганликда айбланиб, 10 ва 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Улар жазони Россия умумий режимдаги тузатиш колониясида ўтайди.

Сибирь федерал округи Бош прокуратураси бошқармаси матбуот хизмати қирғизистонликлар героин билан 2011 йилнинг июлида қўлга олинганини хабар берди. Улар Ўшдан Новосибирскка гиёҳванд моддаларни олиб келган.

Бироқ, ҳукм 2012 йилнинг 31 октябрида чиқарилди: 47 ёшли Бахтиёрхон Содиқова 10 йилга, 63 ёшли Мархабохон Раимжонова 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Улар Россия Федерацияси Жиноий кодекси 118-Контрабанда ва 228-гиёҳванд моддаларни сотишга уриниш моддалари бўйича айбдор деб топилди.

Россия ОАВлари маълумотига кўра, Раимжоновага ўз айбини тан олгани ва ёши ҳисобга олинган ҳолда, камроқ муддат берилган.

Новосибирскдаги Қирғизистон вице-консуллиги маълумот учун кечроқ мурожаат қилишни сўради.

Жорий йилнинг ёзида Ташқи ишлар вазирлиги Россияда 1 минг 200 нафардан ортиқ қирғизистонлик жазо ўтаётганини хабар қилган.