Қирғизистонда Хитойнинг учинчи нефтни қайта ишлаш заводи қурилади

742


Хитойнинг нефть кимёвий корпорацияси 2013 йили Чуй вилоятининг Тўқмоқ шаҳрида нефтни қайта ишлаш заводи қуради. Қурилиш Қирғизистон аҳолисининг мамлакатдаги Хитой заводларига нисбатан шаклланган турлича муносабатлари асносида кечади.

Бўлғуси завод қурилиш жойига капсула қўйиш (биринчи ғишт қўйиш) маросими 6 ноябрда Тўқмоқда бўлиб ўтди.

Завод қурилиш ишларини 2013 йилнинг августига тугалланиши режалаштирилган.

Завод бошқа хом ашё қаторида бензин, дизель ёнилғиси ва суюлтирилган газ ишлаб чиқаради, дейилади Қирғизистон энергетика вазирлигининг матбуот релизида.

Заводнинг йилига 400 минг тонна хом ашё ишлаб чиқариши режалаштирилмоқда. Энергетика вазирлиги айнан қандай хом ашёнинг қанча миқдорда ишлаб чиқарилиши ҳақида аниқ маълумотлар бермади.

Чуй вилояти ҳокимияти Хитой заводидан катта миқдорда солиқ тўлами тушишини ваъда қилмоқда.

“Завод туфайли маҳаллий бюджетга 15 миллион сом миқдорида солиқ тушади”, - деди завод қурилиш жойига капсула қўйиш маросимида Чуй вилоят ҳокимияти вакили Ойбек Азиранкулов.

Хитой компанияси Қирғизистон фуқароларига 80 фоизга яқин ишчи ўринларини ажратишни ваъда қилмоқда. Заводда тахминан 40 хитойлик ва 200-220 қирғизистонлик ишлайди.

Турлича муносабат

Завод қурилиши борасида Kloop.kg сўров ўткизган респондентларнинг фикри турлича.

Тўқмоқлик Камила Гумарова шаҳарда завод қурилишига қарши.

“Мен бунга салбий муносабатдаман. У (нефть заводи) экологияни булғайди”, - дейди Гумарова.

Яна бир Тўқмоқлик Денис Мамбетакунов эса, аксинча, завод қурилишини қўллашини айтди.

“Мен бунга ижобий қарайман, чунки бу халқ учун”, - дейди у.

Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўйича эксперт Татьяна Бурова завод зарар келтирадими йўқми, буни олдиндан айтиб бўлмайди, дейди.

“Бу қандай технология бўйича қайта ишланишига боғлиқ. Агар барча санитария меъёрларига амал қилинмаса, бош оғриғи ва аллергик реакцияларга сабаб бўлувчи углеводород ажралиши рўй беради”, - дейди Бурова.

Учинчи завод

Бу Хитойнинг Қирғизистондаги учинчи нефтни қайта ишлаш заводи. Биринчиси Чуй вилояти Орловка қишлоғида фаолият юритмоқда, иккинчиси Қора Болта шаҳрида қурилмоқда.

Ҳар бирининг атрофида вақти-вақти билан хитойлик ишчилар ва маҳаллий аҳоли орасида қарама-қаршиликлар учраб туради.

Октябрь охирида хитойликларга тегишли трактор маҳаллий фермерларнинг отини босиб юборгандан кейин Орловка аҳолиси заводга қарши митингга чиқди.

Қора Болта маҳаллий аҳолиси Хитойнинг "Джунда" компанияси ўзлари қурган нефть сақлаш жойи атрофида санитар ҳудуддаги хонадонларни қўйилган шартлар асосида сотиб олишдан бош тортганларидан таассуф билдирганди.