Ўш вилояти: Сел 5 ёшли қизча ҳаётига зомин бўлди

527


Қорақулжа туманидаги Октябр қишлоғида келган шиддатли сел оқими кекса аёлни ва унинг набирасини оқизиб кетди. Қизаловнинг танаси ўша куни кечқурун топилди, бувиси эса оғир ҳолатда шифохонага олиб борилди.

Фувқулотда ҳолатлар вазирлиги матбуот котиби Абдишарип Бекиловнинг «Клооп»га хабар қилишича, 26 май куни келган сел оқими Октябр қишлоғида кекса аёл ва унинг набирасини оқизиб кетган.

Сел келган куни кечки пайтга бориб қизалов танаси сел келган жойга яқин жойдан топилган. Кекса аёл эса бир қанча тана жароҳатлари билан туман шифохонасига еткизилган.

Туман шифохонаси бош шифокори аёл соғлиги мўътадил эканини билдирди.

«Ҳозирга келиб унинг соғлиги жойида, ўзини яхши ҳис қиляпти. Аёл руҳий зарба олган, ўз набирасини қутқариб қололмагани учун қаттиқ қайғуряпти. Ҳозир у травматология бўлимига жойлаштирилди», —деди бош шифокор «Клооп» мухбирлари билан суҳбатда.

Қорақулжа тумани ҳокими Қанибек Ализовдан олинган хабарларга кўра, Ўш вилояти маъмурияти жабр тортган хонадонга моддий кўмак кўрсатган.

Вилоят маъмуриятининг ўзидан масала юзасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Бекилов маълумотларига кўра, келган сел қишлоқдаги 15 уйни сув остида қолдирган, улардан иккиси яшашга яроқсиз ҳолатга келган.

Қирғизистон жанубида келган сел икки киши ҳаётини ўзи билан олиб кетди — 12 май куни Баткен вилояти Лайлак туманида мол боқаётган аёл сел қурбонига айланганди.

Жанубда баҳорги жала ва шиддатли ёққан ёмғир умумий ҳисобда 4 мингга яқин уйга зиён етказди.

Жалолобод вилояти бошқа вилоятлардан кўпроқ жабр тортди — вилоятда 2800га яқин уй сув остида қолган. Ўш вилоятида 600га яқин уй, Баткенда 300, Таласда эса 200 уй табиий офатда жабрланган.