Юзга яқин оғир юкли автомашина ҳайдовчилари ҳукуматнинг 48,5 тоннадан оғирроқ машинанинг Қирғизистон йўлларида юришига тақиқ қўйгач, норозилик акцияларини ўтказмоқда. Ўмурбек Бабанов бошчилигидаги ҳукумат тақиқ бекор қилинмаслигини билдирди.
Оғир юк ташувчи автомашиналар ҳайдовчилари ҳукумат қарорига қаршилик билдириш мақсадида Бишкек-Ўш трассасини тўсиб қўйдилар.
Ҳукумат қарорига биноан, 10 майдан бошлаб Қирғизистон йўлларида 48,5 тоннадан ошиқ бўлган машинанинг ҳаракатланиши тақиқланди.
Ҳайдовчилар олдиндан бу ҳақда огоҳлантирилмагани сабаб, ўз автоларини рўйхатга олиб, Қирғизистон йўлларида ҳайдаш ҳуқуқини берувчи солиқларни тўлаб бўлганларини айтадилар.
«Мана бу машиналар тақиқланди, деб халққа айтиш керак эди. Ҳукумат тақиқ остига тушган авомобиллар рўйхатини тузиб, бизга бериши керак эди», — дейди ҳукумат қароридан норози ҳайдовчи Улан.
Унинг сўзларига кўра, божхона хизматчилари ҳамон оғир юкли автомобилларни божхона рўйхатидан ўтказмоқда. Айни пайтда, мазкур машиналарни мамлакат ичида ҳайдашга тақиқ қўйилганганини айтади ҳайдовчи.
Йўл тўсган ҳайдовчилар ҳукумат олдига бир қатор шартлар қўйдидар. Улар орасида қарорни қайта кўриб чиқиш, тақиқланган машиналарни таъқиб қилишни тўхтатиш каби шартлар ҳам бор.
Вазирлар маҳкамаси бошчиси Ўмурбек Бабанов ўзининг «Бош вазир билан 20 дақиқа» номли телекўрсатувида оғир юкли машиналарга қўйилган тақиқ бекор қилинмаслигини айтди.
«Йўқ, йўллар миллионлаган АҚШ долларига қурилади», — дея Бош вазир сўзларидан иқтибос келтирди унинг матбуот котиби Султан Каназаров ўзининг «Твиттер» микроблог платформасида.
Масала юзасидан давлат божхона хизматидан шарҳлар олишнинг имкони бўлмади.
Транспорт ҳамда коммуникация вазирлиги ҳукумат қарорини қайта кўрилиб чиқилиши юзасидан изоҳлар бермади.
Аввалроқ Қирғизистон нефтетрейдерлар уюшмаси ҳукумат қарори сабаб, мамлакатнинг жанубига олиб борилувчи ёнилғи маҳсулотлари 40 фоизга қисқарганини айтганди.
Транспорт вазирлиги ўшанда нефтетрейдерларга қарор қайта кўриб чиқилишини билдирганди.
Манбалардан олинган хабарларга кўра, ҳозирги пайтда йўлнинг бир қисми автобуслар ўтиши учун очиқ.