Сулаймон тоғ зиёратига чекловлар қўйилиши мумкин

921

«Сулайман-Тоо» тоғ музей комплекси раҳбарияти музейга келувчиларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари учун тоғ зиёратига чекловлар қўйиш ниятида.

«Сулайман-Тоо» тоғ музей комплекси раҳбари Абдирайим Тургунбаев тоғ зиёратчиларига тоққа киришларини чекловчи таклифлар кўриб чиқилаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги қарор маҳаллий ҳукумат ҳамда ЮНЕСКОнинг миллий ҳайъати билан биргаликда қабул қилинади.

Агар чекловлар жорий қилинса зиёратчилар тоғни эрталабки соат 6дан кечки 9гача, ёз пайти эса эрталабки 8дан кечги 8гача томоша қилишлари мумкин бўлади.

Бошчи сўзларига кўра, тоғ зиёратига чекловларнинг қўйилишига ёшларнинг «маданиятсиз» ҳатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. Агар чекловлар жорий қилинса тоғ айланасини тунда милиция патруллари тарафидан қўриқлана бошланади.

«Кўпчилик тунда қояларга ўйиб ёзилган тарихий тасвирлар устига чизиб вандаллик қилишяпти. Ўзлари билан пивони олиб чиқишиб шишасини синдиришяпти. Аҳёнда муштлашишиб, ҳатто туристларни тўнаш ишлари ҳам бўляпти», — деди Тургунбаев «Клооп»га берган интервьюсида.

Тургунбаев ўз сўзларига далил ўлароқ бошқа давлатлардаги маданий меросларни сақлаш ва одамлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўйилаётган чекловларни мисол қилиб, улар тажрибасига таяниш кераклигини айтади.

Тоғ комплекси директори тоққа шунингдек автомобиллар киришига ҳам таъқиқ қўйилишини билдирди.

«Бу тоғ экологиясига салбий таъсир кўсатяпти», — деди Тургунбаев.

Тарихчи Хайрилло Ибайдуллаев жорий қилиниши кутилаётган таъқиқларни қўллашини айтади. Унинг фикрича ҳозирда тоғ тунда ёшларнинг ароқ ичиш ва наркотик моддаларни қабул қилиш маконига айланиб қолган.

«Ўзларидан кейин ахлат қолдириб, теварак атрофни ифлослантиришади. Шунингдек тунда турли салбий ҳолатлар — ўғирлик, тажовув бўлиб туради», — дейди тарихчи.

Ибайдуллаевнинг сўзларига кўра, салбий кўринишларнинг олдини олиш учун тоғ зиёратига чекловлар қўйиш лозим.

«Кечаси яхши одам тоққа чиқмайди», — дейди у.

Аввалроқ бошқа бир тарихчи Қадирбек Жолдошев тоғдаги петроглифларнинг ярмидан кўпи вандаллар тарафидан йўқ қилинганидан ташвишда эканини айтганди.

Тоғни тоза сақлаш керак

Ўшга меҳмон бўлиб келган Ҳабибулло Аскарбек уулу «Сулайман-Тоо» тоғ музей комплекси жорий қилишни режалаштираётган чекловларни қўллашини айтади.

«Баъзилар тоққа зиёрат учун чиқишса, қолганларни Худо билади нима учун чиқаётганларини», — деди шаҳар меҳмони.

Хусусий тадбиркор Аббос Мажитов эса тоғ зиёратига чеклов қўйишнинг кераги йўқлигини айтади. Унинг фикрича, тоғ музей комплекси маъмурияти соқчилар сонини кўпайтириши керак.

Бироқ бошқа ўшлик Жеенбек Келдибеков шаҳарликлар кечаси тоққа чиқмаслик тарафдори.

«Кечаси ҳеч нарса кўринмагандан кейин тоққа чиқишнинг нима кераги бор? Кундузи чиқишсин. Шаҳар ҳаёти шу тариқа йўлга қўйилиши керак», — деди Келдибеков.

ЮНЕСКО ёдгорлиги

Сулаймон тоғи Ўшнинг марказида жойлашган. 2009 йили тоғ Бутун дунё мероси сифатида тан олинган.

Ғарбдан шарққа қараб шаҳар марказидан жой олган тоғнинг узунлиги 1140 метрни, кенглиги 560 метрни ташкил қилади. Сулаймон тоғи тарихдан энг ажойиб тоғлардан ҳисобланади. Тоғ қояларида сақланиб қолган петроглифлар бунинг яққол мисолидир.

Мақола муаллифи: Айгерим Боронбаева