Сайлов 2011: Ташиев тарафдорлари Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйишди

735

Куннинг муҳим воқеалари тескари хронологияси

Президент сайловларида иккинчи ўринни эгаллаган Қамчибек Ташиев сайлов натижаларидан норози эканини билдирмоқда. Унинг тарафдорлари Ўш-Бишкек йўлини тўсишиб, Жалолобод вилоят маъмурияти олдига йиғилдилар.

16:57 Ташиев матбуот котиби Нургази Анаркулов Жалолободда ўтган митингни Ташиев учун «кутилмаган ҳолат» эканини айтди.

«Биз митинглар ҳақида ҳеч нарса билмасдик, лекин бу кутилган ҳолат, чунки халқ нопок сайловдан норози», —деди матбуот котиби.

Анаркуловнинг билдиришича, ўтказилган митингга Ташиевнинг алоқаси йўқ.

«Митинглар биз тарафдан уюштирилди деган гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди», —деди номзод матбуот котиби.

16:31 Ташиев Kloop.kg билан суҳбатда ўз тарафдорларининг норозилик акцияси ўтказаётганини билмаслигини айтди.

«Менинг митинглар ҳақида хабарим йўқ. Мен ҳозир бошқа жойдаман», —деди номзод.

16:20 Президентликка номзод Алмазбек Каримов Kloop.kgга 2011 йилги сайлов натижаларини тан олмаслигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, у 63 фоиз овоз жамлай олган президентлик пойгаси лидери Алмазбек Атамбаевни қўлламайди.

«У [Атамбаев] олдинда бораяпти, бироқ қайси йўл билан? Мен шахсан жой-жойларда бўлиб маъмурий воситалар ишга солинганига гувоҳ бўлдим», —деди номзод.

Каримов фикрича, Атамбаев сайловчиларнинг 63 фоиз овозларига эга бўла олмас эди.

«2010 йилги апрель воқеаларидан сўнг бунча овоз олиши ва ўз рақибларидан бунча ўзиб кетиши — бу нонсенс», —деб ҳисоблайди номзод.

Каримов шунингдек бошқа номзодлар билан бирга марказий сайлов комиссиясидан сайловни такроран ўтказишни талаб қилмоқчи эканини айтди.

15:39 Ташиевчилар Жалолобод довонига кирувчи йўлни ёпиб қўйдилар, деб хабар қилди Kloop.kg мухбири Александр Ким.

Бундан ташқари Жалолобод вилоят маъмурияти олдида 300 яқин Ташиев тарафдорлари йиғилган.

Вилоят маъмурияти матбуот котиби Қадирбек Сатибалдиев сўзларига кўра, Ташиев тарафдорлари маълум бир шартларни талаб қатори қўймаганлар, бироқ йиғилганлар орасида маъмурий воситалар ишга солинганидан норози кимсалар кўп бўлган.

15:08 Мадумаров ҳамда Ташиевнинг ҳар иккаласи ўз кузатувчиларини сотиб олиш учун ҳаракатлар бўлганини билдирдилар.

Мадумаровнинг айтишича, унинг кузатувчсига 5 минг доллар таклиф қилганлар. Пул эвазига кузатувчи Атамбаев фойдасига бюллитенларни ёппасига ташлаш ҳолатига кўз юмиб туриши керак бўлган, дейди номзод.

Мадумаровнинг бошқа номзод Ташиевга таяниб айтишича, унинг кузатувчисига автомобил таклиф қилганлар.

15:04 Сайловлар ғолиби Алмазбек Атамбаев штабида унинг рақиблари айбловларини шарҳлай олмадилар.

15:01 Сайлов натижаларига кўра учинчи ўринда бораётган Адахан Мадумаров ҳам сайлов натижаларини тан олмаслигини айтиб, овозларни такроран санаб чиқиш ташаббусини кўтармоқда.

Мадумаров сайлов натижаси юзасидан ўз ҳисоботи борлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Атамбаев 49,8 фоиз овозга эришган бўлса, ўзи эса — 32 фоизни жамлай олган. Унинг фикрича, бу ҳисобот президент сайловларининг иккинчи турини ўтказиш учун омил бўлади.

13:40 Президентликка номзод Қамчибек Ташиев 2011 йилги сайловни «энг ифлос» ўтган сайлов дея баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги ҳукумат вакиллари экс-президентлар Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар изидан бориб нохолис сайловлар ўтказмоқдалар.

Унинг фикрича, 2011 йилги президент сайловида у ғолиб бўлиши керак эди. Унинг айтишича, у учун бир ярим миллион қирғизистонлик овоз беришлари керак эди.

Ташиевнинг билдиришича, агар ҳукумат сайлов натижаларини бекор қилмаса у норозилик акциялари ҳақида ўйлашга мажбур бўлади.

«Мен сайловда ғолиб чиқишим керак эди. Мен учун 1,5 миллион одам овоз бериши керак эди», —деди Ташиев.

Ташиев сайлов натижаларини бекор қилинишини талаб қилмоқда.

«Йўқса ҳукумат қаттиқ жазоланади ва қирғиз элининг кучини ҳис қилади», —билдирди Ташиев.