Сайлов куни Ўшни мингдан ошиқ милиция ходими қўриқлайди

882

30 октябр — президент сайлови куни Ўш милицияси кучайтирилган тартибда ишлайди. Шаҳар мэрининг билдиришича, сайловдан ўтолмаган номзодлар митинглар уюштиришлари мумкин. Номзодларнинг ўзлари эса митинглар фақат сайлов нохолис ўтсагина бўлишини айтмоқдалар.

Шаҳар мэри Мелис Мирзакматовнинг билдиришича, сайлов чоғида милиция халқ норозиликларини тартибга солиши керак. Сайловда етарли овоз ололмаган номзодлар митинглар уюштиришлари мумкин.

Мирзакматовнинг таъкидлашича, норозиликлар шаҳарликлар тарафидан ҳам бўлиши мумкин.

«Агар маъмурий воситалар ишга солиниб, сайлов нохолис ўтса бу одамларнинг норозилига олиб келади», —деди мэр.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошчиси Марат Орозбаев ҳам мэр фикрини маъқуллаб, сайловлар чоғида мамлакатдаги сиёсий муҳитни ўзгартириш учун уринишлар бўлиши мумкинлигини айтди.

«Бу ҳолатлар олдини олиш учун махсус чора тадбирлар олиб бораётган қўшимча отрядимиз бор», —деди Орозбаев.

ИИБ бошчисининг билдиришича, сайлов куни 400 сайлов участкаларида 1000дан ошиқ милиция ходими кузатув олиб боради.

«Нохолис сайловлар митингларга туртки бўлади»

Президентликка номзод Омурбек Суваналиевнинг фикрича, норозилик митингларига нохолис сайлов сабаб бўлиши мумкин.

«Агар ҳукумат маъмурий воситаларни қўллаб низога сабаб бўлса, сиёсий ҳолат ёмонлашиши мумкин», —деди Суваналиев.

Президентликка яна бир номзод Кубатбек Байболов ҳам Суваналиев фикрига қўшилишини айтди.

«Агар ҳукумат сайлов натижаларини сохталаштирса, бу халқнинг норозилигига олиб келади», —деди Байболов.

Яна бир номзод Адахан Мадумаров матбуот котиби Умут Мукамбетованинг билдиришича, агар номзод президент бўлиб танланмаса «норози халқни» тўхтатиб қололмайди.

«Агар халқ уни қўлласа [Адахан Мадумаровни] ва ўз норозилигини билдирса, у тўхтатиб қолмайдику. Агар халқ кўтарилса, у ҳеч кимга қулоқ солмай қўяди», —деди номзод котиби.

Экспертлар фикри

Сиёсатшунос Токтогул Какчекеев сайлов куни митинглар бўлмаслигини башорат қилади.

«Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари тартибга қаттиқ эътибор беришади. Тинчликни бузмоқчи бўлган одамлар кўпчилик ичида буни уддасидан чиқа олмайдилар», —дейди эксперт.

Бошқа сиёсатчи Мирослав Ниязов эса ҳамкасби фикрига қўшилмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, милициянинг жамоат тартибини сақлашга кучи етмайди. Эксперт фикрича, тартиб соқчиларининг ўзлари аксар тартибсизликларга сабаб бўлганлар.

«Кимни ва қандай ҳимоя қилишни улар билмайдилар», —деди Ниязов.