12 одамни ўз ичига олувчи «кукурузник»даги бир соатлик сайр роҳати икки ёшга 400 АҚШ долларига тушади. Учувчилар эса ердагиларга осмондан қарашни хоҳловчи мижозлар сони кундан-кунга ортаётганини билдирмоқдалар.
Жорий йилнинг апрел ойидан бошлаб Қирғизстон жанубида янги ҳаёт остонасини ҳатлаётган ёшлар ўз никоҳ маросимларини ўтказишнинг антиқа усулини йўлга қўйдилар.
Эндиликда икки ёш халқ тилида «кукурузник» ёки «аннушка» деб номланмиш учоқларда ўз никоҳ маросимларини ҳавода ўтказмоқдалар.
Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий авиаширкат бошчиси Ришад Гитауллин сўзларига кўра, ушбу учоқлардан авваллари дала-полиз маҳсулотларини зараркунандалардан сақлаш мақсадида фойдаланилган.
Эндиликда эса кукурузник хизмат доирасига никоҳ каретасини безаш масъулияти ҳам юклатилганини айтади бошчи.
«Бугунги кунда ҳар бир хоҳловчи ушбу самолетларда учиши мумкин», —деди у.
Бошчи сўзларига кўра, самолет ўз ичига 12 кишини сиғдириш имкониятига эга бўлиб, ундаги сайрнинг ҳар бир соат нархи 400 доллардан юқори.
Бугунги кунга келиб, самодаги саёҳатга чиққан янги оилалар сони 120дан ошган.
Ўз никоҳ тўйини осмонда ўтказган Манас ва Айзаданинг сўзларига кўра, шаҳарни юқоридан томоша қилиш жуда мароқли.
«Биз тўйимиз куни бу самалётга чиқдик ва шаҳарни юқоридан кўрдик. Бу биз қилган орзу эди ва унга эришдик», —дейди икки ёш.
Янги келин ва куёв бу билан чекланмоқчи эмаслигини, эндиликда ушбу учоқда бутун Қирғизистонни саёҳат қилишни режалаштираётганларини билдирдилар.
Учувчи Василий Борисюкнинг сўзларига кўра, ўз тўйларини осмонда ўтказмоқчи бўлганлар сони тобора ортиб бораётгани билан, бу учоқларни бошқара оладиган учувчилар жуда оз.
«Ҳозирги кунда учувчилар бироз етишмайди, бироқ 2010 йили Бишкекда учувчиларни тайёрлаш янги ўқув маскани очилди. Ўйлайманки яқин йилларда учувчилар масаласи ҳам ҳал бўлади», —деди учувчи.
Яна бир учувчи Мухтор Авазов ҳам ўз ҳамкасби сўзларига қўшилиб, учувчилар етмаслиги ҳозирги кундаги энг катта муаммо эканини айтади.
«Баъзан учувчи дори сепишга кетса, ЗАГСга чиққани учувчи қолмай қолади. Апрел ойидан буён самолетда тўй ўтказувчилар сони кўпайяпти, лекин учувчи оз», —дейди Авазов.
Қирғизистонда учишга яроқли саккиз дона АН2 русумидаги самолетлар қолган. Уларнинг иккитаси Бишкек шаҳрида учса, қолган олтитаси Ўш вилоятида хизмат кўрсатади.
Аҳоли фикри
Kloop.kgнинг ўшликлар орасида самодаги сайр ҳақида ўтказган сўров натижалари аксар шаҳарликлар бунга қарши эканини кўрсатди.
Ўшлик Азат фикрича, «кукурузник» эски учоқ ва унда учиш ўз жонига қасд қилиш билан баробар.
«Бу самолетлар иккинчи жаҳон уришидан қолган. Мен бу самолетларда мен учмаган бўлардим», —деди Азат.
Яна бир ўшлик Эркиннинг айтишича, 12 одамни ўз ичига сиғдирувчи бу самолет турли аразлашувларга сабаб бўлиши мумкин.
«Бизнинг тўйларга камида 100-150та меҳмон келса, қайси бирини сиғдиради бу самолет? Ҳар икки тараф қариндошлари ичида сен тушиб тур, мен чиқволай дейдиганлар бўлиши табиий», —деди Эркин.
Мақола муаллифи: Саидмансур