Қирғизистон байроғи муаллифлари: бири ўзгартириш тарафдори, бошқаси — бунга қарши.

1107

Президент сайловларидан сўнг парламент Қирғизистон байроғининг янги вариантини тасдиқдамоқчи. Жорий байроқ муаллифларидан бири — Сабир Иптаров ушбу ташаббусни қўлласа, бироқ бошқа ижодкор — Маматбек Сидиков байроқни ўзгартиришни «ҳеч қандай ҳожати йўқ» дея ҳисобламоқда.

Иптаров фикрига кўра, байроқ муаллифлари уни устидан ишлаётганда кунгабоқарга ўхшаш рамзга эътибор бермай қолганлар.

«Ушбу ўсимлик фақат қуёшга қараб ўсади ва кун ботгунча уни изидан қараб қараб қолади. Кун ботгач у бошини тушириб олади ва кун чиқишини кутади. Бу каби талқин менга ҳам ёқмаяпти ва мен муаллиф қатори бу масалани қайта кўриб чиқиш тарафдориман», —деди Иптаров.

Давлат рамзи муаллифи Қирғизистон байроғи уч рангли бўлиши керак дея ҳисоблайди.

Иптаровнинг таъкидлашича, апрел инқилобидан кейин одамлар давлат байроғидаги тундук ёнаётганидан — қуёш нури оловга ўхшашидан норози бўлмоқдалар.

Бироқ байроқнинг бошқа муаллифи Маматбек Садиков ўз ҳамкасби фикрига қўшилмаслигини айтиб, байроқ экспертлар ва манасшунослар билан келишиб қабул қилинганини билдирди.

«Бу байроқни қабул қилганлар квалификацияси ҳозирги кунда уни ўзгартирмоқчи бўлганларникидан кам эмас. Балки юқоридир. Афсонавий парламент томонидан қабул қилинган байроқни ўзгартиришнинг ҳеч бир ҳожати йўқ», —деди муаллиф.

Садиқов сўзларига кўра, 2005 ва 2010 йилги инқилобда байроқнинг қизил рангини айблаб бўлмайди.

«Бизнинг байроғимиз қизил бўлгани учун ҳеч қачон қон тўкилмайди. Қон ҳукумат яхши ишламаса, президент хато қилса, ички ва ташқи сиёсат нотўғри юритилса тўкилиши мумкин. Бу ерда байроқнинг айби йўқ», —ҳисоблайди Сидиков.

Муаллиф давлат рамзини ўзгартириш учун катта ҳаражатлар талаб қилинишини ҳам айтиб ўтди.

«Бу ҳужжатларнинг ўзгартирилиши, байроқнинг ўзгартирилиши, автомобиллар давлат рақамларини ўзгартириш — бунинг ҳаммаси миллион сомлаб ҳаражат талаб қилади», — деди Садиков.

Ўзгартириш ташаббускори

Байроқни ўзгартириш ғояси «Ата-Мекен» фракцияси депутати Карганбек Самаковга тегишли.

Ташаббусни кейинроқ давлат байроғи ва гимни ўзгартириш бўйича комиссияни етаклаган Абдирахман Маматалиев ҳам қўллаганди.

«Комиссияга 28 одам киритилди — ҳар бир фракциядан иккитадан депутат, давлат арбоблари, тарихчилар, афсонавий парламент депутатлари, рассомлар», —деди комиссия бошчиси.

Маматалиев сўзларига кўра, янги байроқни қабул қилиш президент сайловларидан сўнг бўлиб ўтади.

100дан ошиқ вариант ва 300га яқин эскиз ичидан тўққиз давлат байроғи эскизлари танлаб олинди, деди Маматалиев.

Аввалги ўзгарувлар

Давлат байроғини ўзгартириш ғояси биринчи марта кўтарилаётгани йўқ. 2009 йилги президент сайловларидаги президентликка номзод врач-нарколог Женишбек Назаралиев ўз сайловолди дастурида янги байроқ лойиҳасини ишлаб чиққанди.

Назаралиев давлат байроғни тўрт рангли – оқ, қора, зангори ва сариқ тусда қилмоқчи бўлган.

1995 йилдан буён давлат байроғини ўзгартирмоқчи бўлаётган депутат Турсунбай Бакир уулу эса, аввалроқ Қирғизистоннинг бурунги байроғини [Қирғиз ССРи байроғи] қайтариш керак деганди.

«Рангларини қолдириб, фақат ўроқ ва болтани олиб ташлаш керак», –деганди депутат.

Бироқ депутатнинг бу ғоясини политолог Марат Казакпаев ва Марс Сариев қўлламадилар.

«Мен қаршиман. Чунки уч хил ранг бизнинг халққа тўғри келмайди, ундан ҳам у байроқда Советлар Союзи бор. Фикримча, бу [Қирғизистоннинг расмий байроғи] муваффақиятлироқ чиққан», –деди Казакпаев.