Ўшда юрта устида Россия, АҚШ ва Хитой байроқлари акс этган баннер ёқиб юборилди

655

«Ак кизмат» ёшлар ташкилоти вакиллари Абдикадирова кўчаси ва Масалиева проспекти кесилишида жойлашган баннерни ёқиб юбордилар. Суратда Россия, АҚШ ва Хитой давлат байроқлари қирғиз юртаси устига ёпилган ҳолда акс этган. Фаоллар бу «қирғиз элининг ғурурини топтамоқда» дея ҳисобламоқдалар.

«Ак кызмат» ёшлар ташкилоти лидери Тургунбай Алдакуловнинг билдиришича, баннерлар «қирғиз элининг обрўсини тўкмоқда».

Фаол фикрича, юрта устига ёпилган энг кучли давлатлар байроқлари «Қирғизистонни қандай хоҳласалар, шундай бошқаришлари»ни билдиради.

«Бу Қирғизистонга салбий таъсир кўрсатмоқда», —деди ёшлар ташкилоти лидери.

Бундан ташқари шаҳар бўйлаб ижтимоий рекламалар билан бир неча плакатлар илинганди.

Ўш шаҳар мэрияси қошидаги реклама бўлими ходими Нурбек Азимбековнинг хабар қилишича, мазкур баннерларда «2011 - йил» белгиси бўлган.

Шаҳарнинг турли жойларига илинган бу билбордлар Қирғизистон мустақиллигининг 20 йиллик байрамига тақдим этилган.

1 августдан 15 августгача ёш дизайнер ва фотографлар орасида танлов ўтиб, ҳайъат ҳакамлари 100га яқин тасвирни танлаб олганлар.

Kloop.kg мухбирлари ёндириб юборилган баннер «Қирғизистон-2011» танлов ғолиблари сарасига кирадими ёки йўқми аниқлай олмадилар, чунки мазкур сурат совриндорлар сарасига кирмаган.

Тасвир муаллифи Артур Болджуров AKIpress ахборот агентлигига берган интервьюда юрта устига ёпилган Россия, АҚШ ва Хитой байроқлари моҳиятини тушунтириб берди.

«Менинг ишим Қирғизистон буюк давлатлар: Хитой, Россия ва АҚШ қўли остида эканини билдиради», —деди тасвир муаллифи.

Унинг айтишича, тасвираги байроқлар ўлчами уларнинг Қирғизистон сиёсатига бўлган таъсири даражасини билдиради.

Ёш фаолларнинг баннерни ёқиб юборишлари ортидан Ўш шаҳар мэрияси мустақилликнинг 20 йиллигига бағишланган ижтимоий рекламаларнинг барчасини олиб ташлашга қарор қилди.

Шу каби баннерларнинг бирида 2011 сони тўрт қўл билан тасвирланган, қўлдаги бармоқлар сонларга мутаносиб равишда рақамларни ифода этган. Бир сонининнг бири ўртанчи бармоқ орқали кўрсатилган.

Бунга монанд плакатлар Қирғизистоннинг бир неча вилоятлари ҳамда пойтахтида илинган.

«Номувофиқ баннерлар»

Мэрия реклама бўлими ходимининг Kloop.kg мухбирларига билдиришича, билборд ёқиб юборилгач, шаҳарда рейд ўтган. Рейд давомида «мувофиқлаштирилмаган» яна саккиз баннер олиб ташланган.

«Ҳозир барча хоҳловчилар ижтимоий характерларга эга бўлган рекламаларни илаяпти. Биз буни барчасини кузатишга улгурмаяпмиз», —деди Азимбеков.

Унинг сўзларига кўра, барча реклама баннерлари маҳаллий ҳукумат билан мувофиқлаштирилган тарзда илиниши керак.

Айни кунларда маҳаллий ҳукумат билборд эгаларини аниқлаш ва уларни маъмурий жазога тортиш ниятида.

Мулкка зиён етказиш

Ҳуқуқшунос Назгул Суюнбаева Kloop.kgга берган интервьюда баннерлар бировнинг хусусий мулки бўлгани учун, ёшлар ташкилоти акциясини бировнинг шахсий мулкига зиён етказиш қатори баҳоласа бўлишини айтди.

Бироқ бошқа юрист Улан Бекмуратов фикрича, реклама лавҳалари соҳиблари аввалдан шаҳар ҳокимияти билан келишишлари ва шундан сўнг жамоатчилик жойларига илишлари керак.

Суратлар «Фергана-Акипресс» ахборот агентлигидан олинди