Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўшнинг «Кабар Юг» газетасини «миллатчилик»да айбламоқда

673

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Алима Шарипова «Кабар Юг» газетасида «миллатчилик» руҳидаги мақолалар чоп этилгани учун прокуратурага ариза билан мурожаат қилди. Миллатчиликни тарғиб қилган газетадаги хабарлардан бир мисол — «ўзбекларни ҳайдаш»га бўлган чақириқни чоп этилиши.

«Ўзбекларни ҳайдаш»га бўлган чақириқ газетанинг 2011 йил 4-10 июл сонидаги мухлислар СМС хабарлари рубрикасида чоп этилган.

«Мен ўз қирғиз элимни севаман. Қирғиз еридан ўзбекларни ҳайдаш керак. Ёки қирғиз тилини ўрганишсин ва унда гапиришсин. Тўғрими дўстлар?», — Айкокул-95 номи остидаги ўқувчи СМС хабарини чоп этди рўзнома.

Этник чидамсизликнинг мисоли қатори Шарипова газетанинг ўзбек тилини бузуқ тақлид қилувчи сарлавҳаларини кўрсатади.

Шарипова сўзларига кўра, газета ўз мақолаларида балансга эътибор бермайди ва таҳлилчилар фикрини ўз мақолаларига қўшмайди.

«Улар президент, премьер-министр ҳатти ҳаракатларига, 2010 йил воқеаларига экспертлар, конфликтологлар ёки қайсидир бир мутахассислар сўзларига таянмай ўз баҳоларини берадилар»,—дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Шарипова фикрича, мазкур рўзномани этика ва ахлоқи йўқ «илмсиз» ходимлар нашр қиладилар.

Унинг сўзларига кўра, у 2011 йилнинг январ ойида шаҳар прокуратурасига газета устидан ариза билан мурожаат қилган, лекин шу кунгача ҳеч қандай жавоб олмаган.

Прокуратурада эса Шариповадан ариза келиб тушмаганини билдирдилар.

«Бизга ҳеч ким бу каби ариза билан мурожаат қилган эмас, йўқса биз жавоб берган бўлардик», —деди прокуратура ходими Kloop.kg мухбирларига.

Ягона ҳолат эмас

Шарипова фикрича, «Кабар Юг» газетаси миллатчилик руҳидаги мақолаларни чоп этаётган ягона рўзнома эмас.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бошқа бир мисол қатори — ўзбек ва лўлиларни таҳқирловчи «люлю» ва «сарт» сўзидан фойдаланувчи «Көк Мөңгү» газетасини келтиради.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Қирғизистонлик ўзбек тилли журналист фикрича, Ўшдаги айрим газеталар «ватанпарварлик» ниқоби остида миллатчилик руҳидаги мақолаларни чоп этмоқдалар.

«Биз журналистлар ватанпарварликка асосланиб кимнингдир ғурурини топтамаслигимиз керак. Қирғизистонни ўз ватани деб билаётган қирғиз учун ҳам, бошқа миллат вакиллари учун ҳам бу ерлар бизнинг ватанимиз», ―деди у.

«Кабар Юг» газетасидан мазкур айбловлар юзасидан шарҳ олишнинг имкони бўлмади — таҳририят манзили дея кўрсатилган адрес ноаниқ, таҳририят телефон рақамлари кўрсатилмаган.

Газета бош муҳаррири эса мақолаларни Шерматуул таҳаллуси остида чоп этиб, ўз ҳақиқий исми шарфини кўрсатмаган.

Музокара ёки ёпиш?

Қирғиз тилидаги «Ош шамы» газетаси бошчиси муовини Назгул Бостонбаева фикрича, Қирғизистондаги хусусий нашриётлар кўпинча журналистика этикасини бузадилар.

«Улар [хусусий нашриётлар], сўз эркинлиги ниқоби остида бошқа миллатни камситадилар, кимнингдир ғурурини топташлари мумкин, ҳатто исботланмаган фактларни ҳам ёзишлари мумкин»,—дейди Бостонбаева.

Махсус хизмат вакиллари журналистика этикасини бузаётган барча оммавий ахборот воситаларига қарши барча чораларни қўллашлари керак, дея ҳисоблайди муовин.

«Агар керак бўлса — уларни ёпиш керак. Чунки, ҳудди шу каби маълумотларни деб 2010 йилги ҳодисалар бўлиб ўтди», —деди Бостонбаева.

Ўш шаҳар мэрияси матбуот котибаси Гулжан Ажиматова ҳам Бостонбаева фикрини маъқуллади.

«Бугунги кунда бизнинг вазифамиз оммавий ахборот воситалари бошчиларига барча масъулиятни юклаш. Улар жамиятга ўз таъсирини кўрсатадилар ва жамиятда муайян бир фикр пайдо бўлади», — дея «Кабар Юг» газетасидаги мақолани шарҳлади Ажиматова.

Бироқ ОАВ соҳаси бўйича эксперт Абдумомун Мамараимов жазо чораларига қарши.

«Жазо чоралари билан биз ҳеч нарсага эриша олмаймиз — улар билан гаплашиш керак, тушинтириш ишларини олиб бориш керак», —дея ҳисоблайди эксперт.

Унинг сўзларига кўра, бу йил ўтган йилгидан кўра Қирғизистон газеталарида миллатчилик анча сусайган.

«Аввалари бу ҳақда кўп ёзишарди. Воқеалардан аввал айнан низони қўзғашга қаратилган мақолалар кўп бўлган», —дейди у.