Қирғиз-ўзбек университети номи ўзгармайди

1171

Маориф вазири Қанат Садиковнинг билдиришича, Ўш ҚЎУ номи ўзгартирилиши ўрнига унинг асосида яна бир янги университет очилади. Олийгоҳ мутасаддилари 2010 йилги миллий низолар ортидан университет номини Ижтимоий университет дея ўзгартиргандилар.

Маориф вазири Қанат Садиков Ўшга қилган сафари чоғида 17 август куни университет номи ўзгариш ўзгармаслиги батамом ҳал бўлишини айтганди.

Маориф вазири Ўш Қирғиз-ўзбек университети номи ўзгармаслигини айтиб, балки унинг базасида янги Ижтимоий университет очилишини билдирди.

Садиков ҳукумат қарори чиққунча университет атрофидаги тортиш масалани шарҳлашдан бош тортди.

Маориф вазирлиги матбуот котибаси Керез Жукееванинг айтишича, Қирғиз-ўзбек университети номининг ўзгариши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Унинг сўзларига кўра, махсус тузилган комиссия мазкур масала юзасидан иш олиб бормоқда.

Қирғиз-ўзбек университети ректори Идрис Эргешов университет номини ўзгартириш учун барча керакли ҳужжатлар маориф вазирлигига топширилганини ва яқин кунларда ушбу масала ўз ечимини топишини билдирди.

ЎшҚЎУ номини ўзгартириш Ўш қилояти маъмуриятининг 2010 йил 16 июн кунги йиғинида ҳал қилинганди. Ўшанда муваққат ҳукумат вакиллари олийгоҳ номини ўзгартиришга розилик беришган, лекин бу расман ўз тасдиқини топмаганди.

Бу қарор ортидан университет ўқитувчилари ҳукумат олийгоҳнинг «Ижтимоий» номини расман тан олмаганини айтгандилар.

Улар сўзларига кўра, олий ўқув юрти махсус бланклар ва муҳрларни эски ном остида олган.

Ўш Қирғиз-ўзбек университети 1994 йил Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг икки томонлама келишуви остида очилганди.

Молия ва иқтисодиёт факултети декани Шайдилло Шакиевнинг сўзларига кўра, ЎшҚЎУнинг очилиши ўзбекистонлик қирғизлар ва қирғизистонлик ўзбекларни илм олишга бўлган талабларини қондириш учун амалга оширилган.

Сифат ўзгариши мумкин

Ўш давлат университети ўқитувчиси Бурқан Турдубеков сўзларига кўра, Қирғиз-ўзбек университети икки тарафлама келишув асосида очилган, бироқ Ўзбекистон тарафи олийгоҳни молиялаштиришни тўхтатиб қўйган.

«Талабалар орасида ўзбекистонлик фуқоролар йўқ, демак фойда йўқ. Агар университет номи Ижтимоий деб ўзгарса, сифат ҳам ўзгаради. Бу ерда ҳеч қандай миллатчилик йўқ, шунчаки сифатни ўзгартириш керак», — деди Турдубеков Kloop.kgга берган интервьюда.

Ўш давлат университети профессори Адилжан Закиров фикрича, ЎшҚЎУ хўжалик мутахассисларини етиштириб чиқариши керак. Унинг сўзларига кўра, университетдаги кўп ихтисослар бир бирларини такрорлайди.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган ўшлик ўзбек эса, ўзбек маданиятига боғлиқ кўп нарсаларнинг ўзгариб кетаётганидан хавотирда эканини айтди.

«Мен бунга қаршиман, шундоғам ўзбек олийгоҳи номи ўзгариб кетди [Ўш қирғиз-ўзбек университети — таҳр.]. Ўшдаги ўзбеклар учун ҳеч нарса қолмади», —дея нолиди у.