Қирғизистон ўз мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлади

807

Мамлакат вилоятларининг барча пойтахтларида ҳарбий парад ўтди. Кечки концерт дастурларидан сўнг Бишкек, Қорақўл, Талас ва Норинда мушакбозлик июштирилди. Пойтахтда эса биринчи марта уч жойдан салют отилди.

Мустақиллик байрамини нишонлаш барча вилоятларда соат 10:00 да бошланди.

Шунингдек барча асосий шаҳарларда ҳарбий парадлар бўлиб ўтди.

Норин вилояти губернатори муовини Салтанат Эсенаманованинг Kloop.kgга билдиришича, Қирғизистон мустақиллигини нишонлаш тадбирлари «қирғиз эли якдиллигини» ифодаловчи театрлашган саҳна кўринишларидан бошланди.

Эсенаманова сўзларига кўра, вилоят маъмурияти мутасаддиларининг чиқишларидан сўнг ҳарбий парад ўтган. Улардан кейин эса меҳнаткашлар намойиши бўлиб ўтган.

Бишкекнинг марказий майдонида ўтган ҳарбий парадга 30га яқин техника жалб қилинди — бу мустақил мамлакат тарихидаги энг катта намойиш бўлди.

Кечқурун «Спартак» ўйингоҳида Қирғизистон машҳур ҳонандалари иштирокида гала концерт бўлиб ўтди.

22:00 Бишкекда мушакбозлик бошланди — шаҳар тарихида биринчи марта уч ерда — Ала-Тўў майдонида, «Спартак» ўйингоҳида ва жанубий микрорайонларда мушак овозлари эшитилди.

Ўшнинг марказий майдонида ҳам байрам тадбирлари бўлиб ўтди, бироқ тадбир кечки концерт билан ўз якунини топди – шаҳар мэрияси матбуот котибаси Гулжан Ажиматова сўзларига кўра, шаҳас муассаси қарорига биноан мушак отиш маросими байрам тадбири дастурига киритилмаган.

Боткен марказий майдонида ўтган ҳарбий параддан сўнг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбирга қўшни Тожикистонлик меҳмонлар ҳам қатнашдилар.

Kloop.kg мухбирларининг хабар қилишларича, Қорақўлда ҳам ҳарбий парад ўтди. Шаҳар марказий майдонида 20 юрта ўрнатилиб, уларда байрам таомлари таёрланди.

Хавфсизлик

ИИВ матбуот котиби Раҳматилло Ахмедовнинг билдиришича, қирғизистонликлар хавфсизлигини сақлаш мақсадида ҳуқуқ тартибот органлари кучайтирилган режимга ўтказилган.

Ахмедов сўзларига кўра, тинчликни сақлаш мақсадида Бишкекда патрул машиналар хизматга қўйилган ва 10 мингдан ошиқ ҳарбий ва 7 минг кўнгиллилар жалб этилган.

Иссиқкўл вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Улан Балапанов сўзларига кўра, тумандаги хавфсизликни таъминлаш учун 850 милиция ходими жалб қилинган.

Ёнғинга қарши кураш хизмати диспетчерининг Kloop.kgга хабар қилишича, пойтахтдаги хавфсизликни ўн техника бўлими кузатиб борган.

Тез ёрдамда эса Қирғизистон марказий майдонида икки машина ва байрам калоннасида тўрт махсус машина хизмат қилганини айтдилар.

Тўсилган пойтахт маркази

31 август куни эрталабдан Бишкекнинг Тоголок Молдо кўчасидан Абдрахманова [эски Советская] кўчасигача Чуй проспекти ва Киев кўчаларида автоҳаракат тўхтатилди.

№122 маршрут таксиси ҳайдовчисининг Kloop.kgга айтишича, ҳукумат йўловчи ташувчи транспортлар ҳаракати чекланмаслигини ваъда қилган.

Бироқ давлат авто инспекциясининг инпектори улар бошқармаси байрам тадбирининг бошланишидан бир соат аввал ёпиқ зонада автомобиллар ҳаракати тўхтатишни буюрганини билдирди.

Барча йўловчилар Ала-Тўў марказий майдонигача пиёда боришга мажбур бўлдилар.

Ўтмаган тадбирлар

Бишкек мэрияси расмий сайтига мувофиқ, соат 14:00да пойтахтнинг уч истироҳат боғларида байрам тадбирлари бўлиб ўтиши керак эди.

«Шаҳарликлар ва шаҳар меҳмонлари пойтахтнинг Ю.Фучик, Панфилов, Ататюрк истироҳат боғларида ташкил қилинган ижодкорлар уюшмаси концертларига, турли викториналар, миллий ўйинлар, спорт ўйинларига иштирок этишлари мумкин бўлади», —дейилади сайтда.

Бироқ Kloop.kg мухбирлари Ататюрк истироҳат боғига бордилар ва ҳеч қандай байрам тадбири ўтмаётганига гувоҳ бўлдилар.

Шаҳар мэрияси матбуот хизмати бошчиси Чинара Усубалиева Kloop.kgга байрам тадбирлари Қайрағоч дарахзорида, Бишкекнинг 125 йиллиги боғида ва Фучик номли истироҳат боғида ўтишини айтди.

Kloop.kg мухбирлари Бишкекнинг 125 йиллиги боғига етиб келгач у ерда ҳам уюштирилган тадбир ўтмаётганини маълум қилдилар.

Мамлакат мустақиллиги

Қирғизистон Совет иттифоқи тарқагандан кейин 1991 йилнинг 31 август куни мустақилликка эришган.

1993 йили эса миллий валюта — сом қабул қилинган.

1993 йил сўнги 20 йил ичида бир неча бор ўзгарган қомус қабул қилинган.

20 йил ичида мамлакатда 3 президент алмашди. Жорий йилнинг 30 октябрида қирғизистонликлар кейинги олти йилга тўртинчи президентни танлайдилар.

Аввалги икки давлат бошчиси халқ тарафидан ҳокимиятдан ағдарилганди.

1991 йилдан бошлаб 14 йил ҳокимиятда ўтирган Асқар Акаев халқ инқилоби оқибатида 2005 йили мамлакатни тарк этган ва 2010 йили экс президент мақомидан маҳрум этилган.

2005 йили Акаевга қарши ҳаракатни бошқарган иккинчи президент Қурманбек Бакиев ҳам қирғизистонликлар тарафидан 7 апрел куни ҳокимиятдан ҳайдалганди — ўша куни давлат инқилоби оқибатида 86 одам ҳалок бўлган.