«Абдиш-Ата» Мустақиллик Кубоги ғолиби

706

31 август куни Ўшнинг Ахматбек Суюмбаев номидаги ўйингоҳда ўтган финал учрашувида Қантнинг «Абдиш-ата» жамоаси Қўчқоротанинг «Нефтчи» клубини кичик — 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Қантлик футболчилар мусобақа тарихида учинчи бор кубокни ўз уйларига олиб кетдилар.

Ўйиннинг учинчи дақиқасидаёқ қантлик футболчи Мирзалиев қанот бўйлаб ҳужумни бошлади ва «Нефтчи» дарвозаси ёнида тўпни кутаётган Сидоренкога тўпни ошириб берди. У эса ўз ўрнида беш мингга яқин томошабинлар шоҳидлигида дарвоза томон зарба йўллади ва учрашувдаги ягона гол соҳиби бўлди.

Ўйиннинг қолган қисмини «Абдиш-Ата»ликлар асосан ҳимояда ўтказдилар.

Қўчқороталик чарм тўп усталарининг ўйин бўйи қилган ҳужумлари самарасиз якунланди.

Учрашувнинг иккинчи бўлимида «Нефтчи» футболчилари рақиб дарвозабони Руслана Амиров қўриқлаётган дарвозани ишғол қилиш учун бир қанча юз фоизлик имкониятлардан фойдалана олмадилар.

Ўйин ҳаками Машенцевнинг финал ҳуштаги таблода «Абдиш-Ата»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабасини қайд этди.

Шу тариқа Қантнинг «Абдиш-Ата» жамоаси Қирғизистон Мустақиллиги кубогига учинчи марта эришди.

Жорий йил Қирғизистон чемпионати доирасида Қантнинг «Абдиш-Ата» ҳамда Қўчқоротанинг «Нефтчи» жамоалари икки бора учрашганлар — биринчи ўйин дуранг натижа билан якунланган бўлса, иккинчисида қўчқороталиклар қўли устун келган.

Финалга йўл

2 август куни ўтган биринчи ярим финал ўйинида «Абдиш-Ата» жамоаси Ўшнинг «Алай» клуби билан беллашганди.

Қантдаги учрашувда маҳаллий «Абдиш-ата»ликлар Ўшнинг «Алай» жамоасини 4:1 ҳисобида ер тишлатган.

Биринчи голни қантлик Сидиков 23чи дақиқада ўз ҳисобига ёзиб қўйган бўлса, 72чи ва 87чи дақиқаларда «Абдиш-ата»нинг бошқа ўйинчиси Мирзалиев дубл муаллифи бўлди. 87чи дақиқадаги қантлик Эсенкул уулу Чолпон киргизган гол учрашув ғолибини узил кесил ҳал қилди.

«Алай»ликлар эса, фақат ўйиннинг охирги дақиқаларида ҳисобни бироз қисқартириш учун ўзларида куч топа олдилар. Гол муаллифи 91чи дақиқада Қурбонов бўлди.

Ярим финалнинг иккинчи жавоб ўйинида дуранг 3:3 ҳисоби қайд этилган.

Икки ўйин натижаларига кўра қантликлар умумий [7:4] ҳисобида финалга йўлланмани қўлга киритди.

Мусобақа формуласи

Мусобақанинг «Мустақиллик кубоги» деб номланишига унинг Қирғизистон мустақилликка эришган 1991 йили асос солингани сабаб бўлган.

Анъанага мувофиқ, мусобақа финали 31 август Қирғизистон мустақиллиги куни ўтказилади.

Қирғизстоннинг олий ҳамда биринчи лигаси жамоалари 1/32 финалдан мустақиллик кубоги ўйиларини бошлайдилар.

Мустақиллик кубогини ўтказиш Қирғизстон футбол лигаси зиммасига юклатилган.

Аввалдан 32 жамоа икки «шимолий зона» ҳамда «жанубий зона» бўлиб 1/16 финал учун курашни бошлайдилар.

Биринчи босқич ўйинларидан сўнг, «шимолий зона» ҳамда «жанубий зона» чиққан 32 жамоадан 16си кейинги босқич [1/8 финал] учун курашни давом этдирадилар.

Учинчи босқичда жамоалар чоракфинал учрашувларини ўтказадилар ва ўйинлар якунга кўра яримфиналчилар аниқланади.

Яримфинал ўйинларидан сўнг жануб ҳамда шимолнинг энг кучли жамоалари қоладилар ва финалда Қирғизстоннинг якка ғолиби бўлиш учун кураш олиб борадилар.