Антимонополия хизматидан олинган маълумотларга кўра, охирги ҳафта ичида Ўш бозорларида шакарнинг нарҳи 3,60 фоизга арзонлаган. Бироқ, баъзи ўшлик савдогарлар шакарни ҳамон эски нарҳда сотмоқдалар.
Давлат антимонополия бошқаруви хизматининг билдиришича, 2011 йилнинг 10 - 17 август кунлари шакар нарҳи 3,60 фоизга арзонлаб, орадаги фарқ 2,5 сомни ташкил қилди.
Антимонополия бошқармасига кўра, ҳозирги кунда бир кило шакар нарҳи 66 сом 80 тийинни ташкил қилмоқда. Бир ой аввал эса бир кило шакар 77 сом эди.
Ўш антимонополия агентлиги бошчиси Арзибек Жунусов ҳам бозорда шакар нарҳи арзонлаганлигини тасдиқлади.
«Шакарнинг арзонлашига сабаб, шакарнинг стабил импорти ва жаҳон бозорида уни актив ишлаб чиқарилиши», —деди Жунусов Kloop.kgга берган интервьюда.
Шакарни янги нарҳда сотаётган савдогар Рахманберди Алиевнинг айтишича, шакар билан кўтара шуғулланувчилар шакарни «аввалгидан кўра анча арзон сотмоқдалар».
«Кўтарафурушлар белорус шакарини олиб келишиб, бизга бир килосини 63 сом 30 тийиндан сотишяпти. Мен ҳам нарҳларни туширдим, эндиликда бир килосини 65 сомдан сотяпман. Икки ҳафта аввал эса, мен улардан 65-66 сомдан олиб, ўзим 69-70 сомдан сотардим», —деди Алиев.
Унинг сўзларига кўра, баъзи савдогарлар ўз шахсий мақсадларини кўзлаб нарҳларни ўзгартирмаяптилар. Айни пайтда, Алиев савдогарларнинг буни «мажбуран» қилаётганларини белгилаб ўтди.
«Барча нарса қимматлаяпти ва улар [савдогарлар] мажбуран шу тариқа ишлашяпти. Ахир оилани боқиш керакку», — дея қўшиб ўтди савдогар.
Марказий бозорда савдо қилувчи Умидаҳон эса ҳамон шакарни эски нарҳда сотмоқда.
«Мен шакарни 68 сомдан олиб 70 сомдан сотяпман. Қиммат сотаётганимнинг сабаби бу шакар белорусияники. Шунингдек Эрон, Хитой шакарлари ҳам бор. Уларни арзонроқ олиб, 68 сомдан сотиш мумкин. Мени ёнимда ўтирган қолган савдогарлар шундай ишлашади», —деди Умидаҳон.
Шакарга талаб
Иқтисод фанлари доктори, профессор Примат Купуев шакарнинг қимматлаши харидорларнинг шакарга бўлган талабларининг кучлилиги билан изоҳлади.
«Нарҳлар йил фаслларига қараб ўзгаради. Одамлар қишга тайёрланаётгани учун, шакарга бўлган талаб жуда кучайиб кетди», —деди Купуев.
Шунингдек у антимонополия хизматининг бозордаги нарҳларни бир маромда ушлашга кучи етмаётганини билдирди.
«Агар бозордаги нарҳлар антимонополия ўрнатган нарҳлардан фарқ қилса, бу бозорнинг ички қонунлари», —деди профессор.
Иқтисодчи Айилчи Сарибаев ҳам Купуев фикрини қўллаб, шакарнинг арзонлашига яна бир фактор таъсир қилганини айтиб ўтди.
«Кўтарафурушлар шакарни жуда катта миқдорда сотиб олганлар ва маҳсулотларини ўз вақтида сотолмасликдан қўрқмоқдалар», —деди иқтисодчи.
Шунингдек у бозорда ўрнатилган нарҳлар ўз ўрнида текширилмаётганини айтиб ўтди.
«Агар назорат бўлсагина савдогарларни жазолаш мумкин. Керакли даражада назорат бўлмагандан кейин ҳеч кимни жазолай олмаймиз», — қўшиб ўтди Сарибаев.
Шакарнинг қимматлаши
Қишлоқ хўжалик вазирлиги жорий йилнинг 13 июл куни 2010 йилдан кўра бу йил шакар нарҳи 31 фоизга қимматлаганини билдирганди.
Ўшанда мазкур вазирлик ходими Асилбек Жумабеков 2010 йилнинг июн ойида бир кило шакар 45 сом 35 тийин, 2011 йили июн ойида эса шунча шакар 59 сом 40 тийинни ташкил қилганини билдирганди.
Вазирликда шакар нарҳи тез ошаётганлиги ва бунга сабаб Қирғизистон шакарни бошқа давлатлардан импорт қилишини, бундан буён шакар нарҳи жаҳон нарҳларига боғлиқ бўлишини билдирдилар.
Агробизнеснинг рақобатбардошлиги марказига кўра, Қирғизистонда бир йилда 80-85 минг тонна шакар истеъмол қилинади.