Бишкекдаги тренингдан қайтаётган ўзбек журналисти бир неча соатга ушлаб турилган

550

Бишкекдаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти [ОБСЕ] ҳамда «Немис тўлқини» [DEUTSCHE WELLE] академияларида журналистика курсларини тугатиб қайтаётган Елена Бондарь Тошкентдаги аэропортда МХХ ходимлари тарафидан қўлга олинган. Электрон маълумотлар сақлагичлари олиб қўйилгач журналист қўйиб юборилган.

«Фергана.ру» агентлигининг хабар қилишича, журналистнинг қўлга олинишига декларация қилинмаган учта CD-диск, тўтр флэш-карта ва ЕХҲТ ва «Немис тўлқини» академиясидан олинган ўқув материаллари сақланган видеокассеталар сабаб бўлган.

Қўлга олингандан сўнг Елена бир мунча вақт вақтинчалик сақлаш камерасига жойлаштирилган. Электрон маълумот сақлагичлар олиб қўйилганлиги ҳақидаги протокол тузилгач, Бондарь қўйиб юборилган.

«Uznews.net» сайтига кўра, олиб қўйилган материаллар экспертизаси билан алоқа ва маълумот агентлиги шуғулланади.

Журналистнинг сўзларига асосланиб нашрнинг ёзишича, ўзбек мутасаддилари олиб қўйилган материаллардан ҳукуматга қарши «туҳмат»ни топиб, Бондарга қарши жиноий иш қўзғашлари мумкин.

«Олиб қўйилган диск, флэш ва кассеталарда ўзбек ҳукуматини қизиқтириши мумкин бўлган жуда кўп маълумотлар бор. Жумладан, бир флэш картанинг ичида «Неравный доступ узбеков к правосудию» номли катта мақола бор эди», —дея Бондарь сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

Kloop.kg мухбирлари Елена Бондарнинг ўзи билан боғлана олмадилар.

Озодлик радиоси мухбири Гуласал Камолованинг «Новый репортер» сайтига ёзишича, Бондарнинг қўлга олиниши биринчи ҳолат эмас.

«Охирги бир ярим йил ичида мени, Озодликнинг мухбирини Тошкент аэропортида ҳудди шу каби текширувларга 12 марта ушлашган», — деб ёзади сайтга Камолова.

Журналист фикрича, бу каби ҳолат олдини олиш учун «негатив» маълумот бўлган ҳар қандай воситани одам ўзи билан олмаслиги керак.

«Энг яхшиси — Ўзбекистонни ҳақорат қилиши мумкин бўлган ва ўзбекистонликлар мафкурасини ўзгартирувчи маълумотлардан тозаланиб боринг», —дейди Озодлик мухбири.

«Ўзбек хавфсизлик хизмати кимни ушлашни билади»

Ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган ўзбекистонлик мустақил журналистнинг айтишича, ўзбек хавфсизлик хизмати ходимлари кимни ва нима учун ушлаш кераклигини аввалдан билади.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат вакилларининг бу ҳаракатларига журналистнинг «Фергана.ру» сайтида ишлаши сабаб бўлган бўлиши мумкин.

«Ўзбекистонда хавфсизлик хизмати яхши ишлайди, аввалдан уларга унинг қаерда ишлаши маълум бўлган. «Фергана.ру» сайтини ёмон кўрадилар, чунки у Россиянинг ўзбекларга қарши очиқ провокацияси, шунинг учун уни қўлга олишган», —дейди журналист.

Шунингдек, мустақил журналист Бондарнинг қўлга олинишини «Фергана.ру»нинг пиар акцияси дея ҳисоблайди.

««Фергана.ру» сайти шов - шув кўтариб ўзининг ёш журналистини пиар қиляпти. Улар Еленани очиқ тарзда ўзларининг мухбири деб атаяптилар. Бу каби ушлашлар кунига юзлаб бўлади Тошкент аэропортида. Айнан улар мухбирини ушлашга журъат қилганлари «Фергана.ру»га қаттиқ тегиб кетди шекилли», —деди журналист.

«Фергана.Ру» бош муҳаррири Даниил Кислов пиар акция ҳақидаги фикрни рад қилди.

«Бу асло ёш журналист пиар - акцияси эмас, балки мустақил фикрдан, сўз эркинлигидан, сиёсий плюрализмдан қўрқиб қалтираётган Ўзбекистон ҳукумати учун антипиар ва иснод. Қонунбузарликка келсак, Ўзбекистонда битта қонун — мансабдорлар ва хавфсизлик хизмати ходимларининг оддий фуқоролар устидан тўлиқ зўравонлиги», — билдирди Кислов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда декларациядан ўтмаган ноутбуклар учун «бемалол қамоққа тиққанлари» бу давлатдаги аҳволни кузатиб бораётганлар учун маълум.

«Ўзбеклар кўпинча Қирғизистондаги семинарлардан қайтаётганларни аэропортда жуда қаттиқ тафтиш қиладилар», —деди Кислов Kloop.kg билан суҳбатда.

ОБСЕ талабаси

Елена Бондарь 1987 йилда туғилган. 2011 йили Ўзбекистон миллий университетининг журналистика куллиётини тамомлаган.

13 июндан 19 авгусгача Бишкедаги ЕХҲТ академиясида журналистика курсини тамомлаб, курс давомида ҳозиргача ҳеч қаерда чоп этилмаган «Неравный доступ узбеков к правосудию» номли мақола тайёрлаган.

«Немис тўлқини» сайтига кўра, Европа ва Ўрта Осиё бўлими бошчиси Матис Винклер талаба билан бўлиб ўтган можародан ташвишда эканини билдирди.

«Академия бир қанча йиллардан бери Тошкентда семинарлар ўтказишга ҳаракат қилмоқда, бироқ «Немис тўлқини» ходимлари кириш визаларини ололмаяптилар. Академия мазкур ҳодисани кузатиб боради ва Тошкентдаги Германия элчихонаси ва Елена Бондарьнинг ўзи билан боғланиб туради», —дея ваъда қилди Винклер.