ВИДЕО: Келдибеков устидан маҳкама кутилаётган «жарроҳлик амалиёти» сабаб қолдирилди

821

Коррупцияда айбланаётган депутат Ахматбек Келдибеков устидан маҳкама жараёни яна қолдирилди — Келдибековни операцияга тайёрлашаётганини унинг адвокати билдирди.

Бишкекнинг Биринчи май район суди Ахматбек Келдибеков устидан маҳкамани август ойи бошига қолдирди.

Келдибеков адвокати Татьяна Чилькина журналистлар билан суҳбат чоғида унинг ҳимояси остидаги депутат операцияга тайёрланаётганини билдирди — бу охирги ярим йил ичидаги бешинчи жарроҳлик амалиёти.

Депутат Ахматбек Келдибеков 2013 йилнинг 20 апрел куни қўлга олинганди.

У Давлат солиқ хизмати бошчиси лавозимида коррупцияга боғлиқ қатор жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Мухолифатдаги сиёсатчи ўзининг қамоққа олинишини кутган ва ўзининг айбсиз эканини билдириб, видео ёзув қолдирган. Унга кўра, депутатга қарши қўйилаётган айбловлар сиёсий таъқиб самараси.

Депутатнинг қўлга олиниши Қирғизистонда қатор норозиликларга сабаб бўлди. Келдибеков тарафдорлари икки кун мобайнида Ўш ва Иркештомни боғловчи йўлни тўсиб қўйишди.