Бишкек мэри Омуркулов истеъфо берди [+ видео]

703

Бишкекдаги истироҳат боғи майдонини қисқартирганликда айбланаётган Бишкек мэри Иса Омуркулов истеъфо берди — бу ҳақда у 4 декабр куни журналистлар билан учрашув чоғида билдирди.

Айни пайтда мэр ўз истеъфосини унга қарши очилган жиноий иш билан боғлиқ эмаслигини айтди.

«Ҳар бир киши ўз фаолиятини якунлаши лозим. Менинг истеъфоим менга қарши очилган жиноий ишга боғлиқ эмас», — деди у.

Мэрга қарши жиноий иш Бишкекдаги Ғалаба истироҳат боғи чегарасини ноқонуний равишда чеклаганлик туфайли қўзғатилганди.

Бишкек шаҳар бошчиси 2 декабр куни кеч Бош прокуратура тарафидан сўроққа тутилганди.

Бош прокуратурага кўра, 2010 йилда шаҳар бошчиси истироҳат боғи чегарасини қисқартириш борасида қарор чиқариб, унинг майдонини 48 гектардан 35 гектаргача қисқартирган.

Прокуратура бу тариқа Омуркулов ўз хизмат ваколатларини оширган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда.

Бош прокуратура тарқатган маълумотга кўра, боғ худудидан чиқарилган ерларда ҳозир кафе, ресторан ва ёнилғи қуйиш шаҳобчаси қурилган. Агар ушбу ерлар боғ худудидан чиқарилмаганда, барча қурилмалар ноқонуний деб тан олиниши ва давлат ҳисобига ерни қайтариш мумкинлигини айтади прокуратура.