Саруу: Асирга олинган МХДҚ ходимлари касалхонага ётқизилди

687

BWHjT49IYAE18fd-11

Иссиқкўл областининг Саруу қишлоғида намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг уч ходимини асирга олди. Туман прокуратураси ҳукумат вакилини асирга олиш юзасидан жиноий иш очди.

28 октябр куни Жети Ўгуз тумани ҳокимининг Саруу қишлоғи яшовчилари билан учрашуви чоғида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг уч ходими намойишчилар тарафидан асирга олинган.

Учрашувда Иссиқкўл области маъмуриятини босиб олишда гумонланиб қўлга олинган қишлоқликларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш масаласи муҳокама қилинган.

«Учрашув ўтаётган бир пайтда агрессив ёшлар уч нотаниш одамни маданият уйига олиб бориб калтаклай бошлаган. Чўнтакларини титишганда МХДҚ ходими эканини далилловчи ҳужжатлар чиққан», — деди Kloop.kg билан суҳбатда Иссиқкўл ИИБ матбуот хизмати ходими Сталбек Усубакунов.

Ходимлар намойишчилар тарафидан уч соатдан ошиқ ушлаб турилган ва милиция билан музокаралардан сўнг қўйиб юборилган.

Озодликка чиққан ходимлар ҳозир туман касалхонасига ётқизилган.

«Уларнинг бири бошидан жароҳат олган [...] бошига шиша идиш билан уриб ёришган. Ходим бошини тикдик», — деди Усубакунов.

Намойишчиларнинг шунингдек  ходимлардан 12 минг сом пулни ҳам тортиб олганини маълум қилди прокуратура.

Ҳуқуқ тартибот органлари намойишчилар ҳаракатини жиноят кодексининг уч моддаси — «озодликдан маҳрум қилиш», «ҳокимият вакилига зўравонлик кўрсатиш», «босқинчилик» бўйича белгилади.

Саруу қишлоғи яшовчилари сўнги йилда намойишлар ўтказиш борасида мамлакатдаги энг фаоллардан бирига айланди. Улар ҳозирда Канаданинг «Центерра» компанияси эгалик қиладиган «Кумтор» олтин конини миллийлаштиришни талаб қилиб келади.

Иссиқкўллик намойишчиларнинг 7 октябр кунги ҳокимият маъмуриятини босиб олишга қилган ҳаракатларига милиция монеълик қилганди.

Ҳуқуқ тартибот органлари саруулик намойишчиларнинг бир қисмини қўлга олган, улардан 11 нафари ҳозир Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси СИЗОсида сақланиб келади.

Октябр ойида сарууликлар ўз ҳамқишлоқларини бўшатишни талаб қилиб уч митинг ўтказишга улгирди.