Санэпидемназорат Бишкекдаги 500дан ошиқ кафени ёпиш билан таҳдид қилди

693

foto

Бишкекнинг санитар эпидемия назорат ходимлари пойтахтнинг «Енисей» ҳамда «Мадина» кафеларида одамларнинг заҳарланишидан сўнг шаҳарнинг 500дан ошиқ кафеларини ёпишга қарор қилди.

Санэпидемназорат Бишкекдаги умумий овқатланиш жойларини текширувдан ўтказди ва санитар талабларга жавоб бермаган 500дан ошиқ кафени ёпишга қарор қилди.

Мазкур кафелар маъмурияти 30 кун ичида санитар ҳолатни талабга жавоб берар равишда ўзгартирмаса, ёпилади.

«Агар муассасалар бизнинг талабларни бажармаётгани аниқланса, биз бу ҳақда ҳуқуқ тартибот органларига хабар беришга мажбур бўламиз»,— деди Бишкек санитар эпидемия назоратининг озиқ-овқат ва гигиена бўлими бошчиси Мухаммадхалил Мурашев.

Унинг айтишича, санитар талабларга жавоб бермагани учун ҳозирда 65 кафе ёпилган.

«516 кафедан 65 кафенинг канализацион қувурга уланмагани учун умуман ёпилди»,— деди у.

Бишкекдаги текширувлар «Мадина» ҳамда «Енисей» кафеларида ўнлаб мижозларнинг заҳарланишидан сўнг бошланди.

Қонунга мувофиқ, Бишкекнинг санитар эпидемия назорати умумий овқатланиш ерларини йилига бир марта текширади.

Одатда санэпидемназорат ўзининг текширувларидан 10 кун аввал кафеларни огоҳлантирарди, бироқ бу сафар текширувлар режадан ташқари ўтди.