Турсунбек Акун криминал авторитет Азиз Батукаевнинг қамоқдан чиқиши учун 100 минг доллар пора олгани ҳақидаги маълумотларни рад этди.
Криминал авторитет яқинлари «МК-Азия» газетасига берган интервьюда Батукаевни озодликка чиқиши учун собиқ омбудсмен Турсунбек Акун улардан 100 минг АҚШ доллари олганини айтган.
«Менинг турмуш ўртоғим Адам Хамидов бир неча марта Бишкекка учган, омбудсмен билан учрашган. 2012 йилнинг мартида эса у шахсан Акунга 100 минг доллар берган ва омбудсмен бу пулларни олгани ҳақида тилхат ҳам ёзиб берган», — деди ўзини Батукаев қариндоши деб таништирган Хава Хамидова.
Унинг сўзларига кўра, пулни олган Акун криминал авторитетни бўшатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган ва у Чеченистонга боргач, яна 400 минг АҚШ доллари талаб қилган.
«Биз уни яхши кутиб олдик, бироқ пул бермадик. Ҳозир унинг касал акамиз ҳақидаги гапларини товламачилик қатори баҳолаш мумкин», — дейди Хамидова.
Унинг айтишича, Батукаевнинг озод қилинишида Акундан бошқа ҳеч ким пора олмаган.
«Номимни қора қилишмоқчи»
Ўз ўрнида Акун Батукаев яқинларидан олинган пора ҳақидаги гапларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, омбудсмен — катта ойлик тўланадиган лавозим.
«Бу ғирт ёлғон. Улар мени нафақат лавозимимдан четлатиш, балки сўнггигача номимни қоралаш ниятида. Бу ҳукумат вакиллари, президент маъмурияти ходимлари тарафидан уюштирилган иш», — деди у Kloop.kg билан суҳбатда.
Собиқ омбудсмен Батукаев қариндошлари билан учрашганини тасдиқлади, бироқ, унинг сўзларига кўра, улар криминал авторитетнинг сақланиш шароитидан шикоят қилиш мақсадида келишган.
«Мен икки марта Батукаев қариндоши билан учрашганман, у менинг олдимга келган. У маҳбуснинг таоми ва сақланаётган шароитидан шикоят қилганди. Мен уни фуқароқатори қабул қилганман, пора ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас», — деди Акун.
Батукаевнинг озод қилиниши
Норин шаҳар суди 9 апрел куни Батукаевнинг қонида лейкоз касаллиги топилгани учун уни қўйиб юборганини ҳақида Олий суд матбуот хизмати 10 апрел куни эрталаб маълумот тарқатганди.
«Махсус тиббий комиссия ва №24 кучайтирилган режимдаги колония шифокорлари жорий йилнинг 28 мартида Азиз Батукаевга “Оғир лейкоз” диагнозини қўйишган», — хабарланганди Олий суд матбуот релизида.
Батукаевни муддатидан аввал бўшатиш ҳақидаги таклиф билан Норин шаҳар судига колония ижрочи бошчиси мурожаат қилгани айтилган, бироқ унинг исм-шарифи матбуот релизида кўрсатилмаганди.
Норин шаҳар суди ўз қарорини чиқаришда Қирғизистон жиноий процессуал кодексининг 363 моддасига таянган — моддада маҳбус оғир касалга чалинса муддатидан аввал озодликка чиқарилиши мумкинлиги айтилади.
Батукаев 2008 йилдан буён Норин шаҳар 24 рақамли кучайтирилган тартибдаги қамоқда сақланилаётган эди.
У Аламедин район суди тарафидан қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 16 йил ва 8 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.
Унга қўйилган айбловлар ичида оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ноқонуний равишда қурол сақлаш моддалари ҳам бор эди.