Умумреспублика тестлари энди ўзбек тилида ўтмайди

710

2011-07-08_uzbek-school-450x254

Қирғизистон олийгоҳларига ўқишга киришга асосий шарт ҳисобланувчи Умумреспублика тестлари ўзбек тилисиз қолди — бундай қарорни ҳукумат қабул қилди.

Қирғизистон ҳукумати тестларни мамлакатда расмий ва давлат тили — рус ва қирғиз тилларида ўтишига қарор қилди.

Мазкур қарор қабул бўлишидан аввал қирғизистонлик ўқувчилар тестларни ўзбек тилида ва етарли сондаги хоҳловчилар йиғилса, бошқа тилда ҳам топшириш имкониятига эга эди.

Ўзбек тилининг Умумреспублика тестларидан олиб ташланганини Маориф министрлиги ҳам тасдиқлади — бу ҳақда Kloop.kg билан суҳбатда вазирликнинг таълимни бошқариш бўлими бошчиси Абдиманап Жолдошев билдирди.

Бироқ у ҳукумат қарори юзасидан изоҳ беролмаслигини билдириб, суҳбатни давом этдиришдан бош тортди.

«Бу юзасидан шарҳ бериши мумкин бўлган шахс мазкур қарорни жорий қилиш мақсадида командировкага кетди. У душанба куни қайтади», — деди Жолдошев.

Ўзбек тилида ўқитилувчи мактаблар

Умум республика тестларини ўтказувчи Маориф ва таълим усуллари маркази бошчиси Инна Валькова ҳукумат қарори ҳақидаги хабарга эга эмаслигини билдирди.

Бироқ у тестлардан ўзбек тилини олиб ташлашни нотўғри эканини айтади. Вальковага кўра, Қирғизистонда ўзбек тилида ўқитилувчи мактабларнинг борлиги тестларнинг ўзбек тилида ҳам ўтишига эҳтиёж туғдиради.

«Ҳозирча ўзбек мактаблари бор экан, ўзбек тилида ҳам тест топширилса яхши бўларди, чунки тест орқали ўқувчининг билими синалади. Улар давлат ҳужжатини тўлдираётгани йўқ, шунчаки ўзбек тилида ўз қобилиятини янада яхшироқ кўрсата олади», — ҳисоблайди Валькова.

Валькова фикрича, тестнинг ўзбекча версиясини йўқ қилинишига ўтган йили унда 1,5 мингга яқин одамнинг иштирок этгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Марказ бошчиси қарорнинг сентябр ойида чиққанини яхши бўлганини айтади — ўқувчилар жорий йилдаги тестларни фақат рус ёки қирғиз тилида топширишга йил бошидан тайёрлана бошлайди.

Ўзбекча тестлар атрофидаги тортишувлар

Тестларнинг Қирғизистонда жорий қилинган йилидан бошлаб у уч тилда — қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказилиб келган.

Бироқ сўнги йилларда тестнинг ўзбекча версияси жамиятдаги тортишувларга сабаб бўлиб келади.

2012 йилнинг аввалида бир неча ёшлар ташкилоти Бишкекдаги парламент биноси олдида тестлардан ўзбек тилини олиб ташлаш талаби билан норозилик акциясини ўтказганди.

Ўз ўрнида, Қирғизистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари тестларнинг ўзбек тилидаги версиясини тақиқлаш ўзбек тилида таълим олаётган ўқувчилар ҳуқуқларини бузишини билдириб чиққанди.

Маориф министрлиги маълумотларига кўра, Қирғизистонда жами юзга яқин ўзбек тилида таълим юритилувчи мактаблар бор.

Бироқ бу сон ҳар йил сайин қисқариб боряпти, чунки ўзбек тилли мактаблар қирғиз ва ўзбек тилида таълим берилувчи ўқитув тартибига ўтиб бормоқда.